Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Бош прокурутара, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ҳамда Агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вакиллари кўмагида республика олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашувлар ташкил этган ҳолда, уларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича билимларини ошириш ва бу борадаги давлат сиёсатини, олиб борилган ислоҳотлар мазмунини тушунтириш бўйича жорий йилнинг май-июнь ойларида туркум семинарларни ташкил этиш режалаштирилган.
Жорий йилнинг 25 май куни мазкур семинарларнинг биринчиси ташкил этилиб, унда Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Тошкент давлат педагогика университети, Ўзбекистон миллий университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.
Семинарда Вебстер Университети профессори, Халқаро коррупцияга қарши курашиш академиясининг Ўзбекистондаги вакили, Агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Қодир Кулиев қатнашиб, семинар иштирокчиларига коррупция тушунчаси ва моҳияти, коррупциянинг умумий, шу жумладан Ўзбекистонда келиб чиқиш сабаблари, коррупцияга қарши курашишнинг аҳамияти ва Олий таълим тизимида коррупциянинг зарарли оқибатлари тўғрисида маълумот бериб ўтди.
Шундан сўнг Тошкент шаҳар прокуратураси Ижтимоий қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими катта прокурори Жаҳонгир Камиловнинг Олий таълим тизимидаги коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар ҳамда бугунги кунда амалиётда мавжуд бўлган муаммолар ҳақида маъруза қилди.
Семинар якунида иштирокчи талаба ёшларнинг саволларига жавоб берилиб, таклиф ва фикр-мулоҳазалари тингланди.
Тадбирлар республика олий таълим муассасаларида 3 июнь кунига қадар бўлиб ўтади.