2017-2020 йилларда мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 3 трлн 53 млрд сўм миқдорида моддий зарар етказилган бўлиб, тергов жараёнида ушбу зарарнинг 2 трлн 750 млрд сўми ёки 90 фоизи ундирилган.
Бу каби маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари томонидан Самарқанд шаҳрида ўтказилган давлат ташкилотларида коррупциянинг оқибатлари ва унга қарши курашиш масалаларига бағишланган семинарда айтилди.
Унда ҳокимликлар, давлат ташкилотлари, бошқарма ва идоралар масъуллари, таълим, коммунал ва бошқа соҳалар мутасаддилари иштирок этди.
Семинарда республикада коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида жорий этилаётган янги амалиётлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, “комплаенс-назорат” тизими йўлга қўйилаётгани ва бу коррупцион хавф-хатарларни баҳолаш, давлат хизматчиларини коррупцияга қарши тизимли ўқитишга қаратилгани таъкидланди. Ҳозирда 26 та давлат ва хўжалик бошқаруви органида “комплаенс-назорат” тизимидан фойдаланилмоқда. Бошқа давлат ва хўжалик бошқарув органларида ҳам мазкур амалиёт босқичма-босқич жорий этилади.
- Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш бўйича кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинди, - дейди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Акмал Юнусов. – Афсуски, биргина 2020 йилнинг ўзида республика бўйича 1720 нафар мансабдор шахс қонунни четлаб ўтиб, коррупциявий жинояти учун жавобгарликка тортилди. Коррупция хавфи юқори бўлган халқ таълими, олий таълим, кадастр, соғлиқни сақлаш, қурилиш, банк ва молия соҳасида бу каби ҳолатлар кўп учрамоқда. Шу йил бошидан бугунги кунгача агентлигимизга жисмоний ва юридик шахслардан 209 та мурожаат келиб тушди. Бу мурожаатларда асосан, ер ажратишдаги қонунга зид ҳолатлар, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари мансабдор шахсларининг, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимларининг хатти-ҳаракатидан, суд органларининг қароридан норозилик, бюджет маблағларининг талон-торож қилинаётгани қайд этилган.
Тадбирда 2021-2025 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш миллий стратегиясини қабул қилиш режалаштирилгани, аҳолига коррупция ҳолатлари ҳақида тўғридан-тўғри ахборот бериш имконини берувчи “E-Anticor.uz” электрон платформаси ишлаб чиқилгани маълум қилинди.