Жорий йилнинг 31 май куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Наманган вилоятининг Давлатобод туманида “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳасини амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда тегишли идоралар билан биргаликда ҳудудда коррупцияга қарши курашиш бўйича белгилаб олинган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Маълумот учун: Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши йиғилишининг 2021 йил 22 февраль кунги 4-сонли баённомасига асосан, “Эксперимент тариқасида, жамоатчилик ва етакчи экспертларни жалб қилиш асосида Наманган вилоятининг Давлатобод туманида “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳасини амалга ошириш вазифаси белгиланган.
Туман – шаҳарлар кесимида таҳлил қилинганда 2020 йилда энг кўп коррупциявий жиноятлар Наманган шаҳрида (242 та) содир этилган.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилмоқда. Ушбу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг яна бири “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси ҳисобланади.
Мамлакатда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва «яширин иқтисодиёт»ни қисқартириш чоралари кўрилмоқда ҳамда олий таълим, қурилиш, соғллиқни сақлаш, давлат харидлари тизимларида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2021 йилдан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ҳаётга татбиқ этиш ишлари бошланди.
Тадбирда Агентлик директори А.Бурханов томонидан Наманган вилоятининг янги ташкил этилган Давлатобод туманида эксперимент тариқасида “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳасини амалга ошириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар тақдимоти ўтказилди.
Наманган вилоят ҳокимлиги, Наманган вилоят ИИБ, Наманган вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”да қатор аниқ чора-тадбирлар амалга оширилади.
1. Манзилли рўйхат асосида белгиланган муассаса ёки ташкилотга шахсан ташриф буюриб, ходимлар билан, шунингдек жамоатчилик вакиллари билан тўғридан-тўғри очиқ мулоқот ташкил қилиш орқали коррупцияга сабаб бўлаётган омиллар ва муаммолар ўрганилади, комплекс ёндашув асосида ушбу коррупциоген фактор ва муаммоларни бартараф қилиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилади;
2. Тадбиркорлар ва кенг аҳоли вакиллари ўртасида ижтимоий сўровлар ва социологик тадқиқотлар ўтказилади. Бунда аниқ ҳудуддаги коррупциянинг ўлчови ва латентлик даражаси аниқланади ҳамда коррупцион хавф-хатарларнинг тизимга таъсирига баҳо берилади. Тадбиркорлик фаолияти юритиш ва аҳолининг кундалик маиший ҳаётида дуч келаётган ортиқча бюрократик тўсиқлар аниқланади, аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай коррупциядан холи муҳитни яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади;
3. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳудудий бўлимларга ташриф буюрилиб, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муаммолар ўрганилади. Коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ва жиноий ишлар бўйича умумлаштиришлар ўтказилади, ҳар бир содир этилган коррупцион жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига имкон берган сабаб ва шарт-шароитлар чуқур таҳлил қилинади;
4. Давлат хизматчилари ўртасида “сирли мижоз” тадбирлари ўтказилади, давлат хизматларини кўрсатишдаги суиистеъмолчилик ва сансалорликларга йўл қўяётган ходим ва раҳбарларнинг фаолиятига реал баҳо берилади;
5. Ҳудудда яшовчи фуқароларнинг коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатини шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирлари ўтказилади;
6. Лойиҳани амалга татбиқ қилишда жамоатчилик назоратини кучайтириш, бюджет маблағларидан фойдаланиш ва давлат харидлари соҳасидаги маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш чоралари кўрилади, коррупцион ҳолатларни фош қилганлик учун энг яхши жамоатчилик назорати тадбирлари рағбатлантирилади;
7. Лойиҳа доирасида амалга оширилган ишларни халқ депутатлари туман кенгашларида муҳокама қилиш, эришилган ютуқ ва камчиликларни сарҳисоб қилиб, ижобий тажриба келгусида бошқа ҳудудлардаги ишларга татбиқ қилиниши мўлжалланган.
Йиғилиш якунида “Йўл харитаси”даги ҳар бир банд юзасидан ижрочиларга тегишли вазифалар юклатилди.