Жорий йилнинг 16 июнь куни Тошкент шаҳрида Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ва Омбудсманларининг 4-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда аъзо давлатлар мутасадди идораларининг 40 дан ортиқ вакиллари иштирок этишди.
Маълумот учун: Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти— аъзо мамлакатларнинг иқтисодий, маданий, фан ва техникавий ҳамкорлиги бўйича ташкил этилган халқаро минтақавий ташкилотдир. Мазкур нуфузли минтақавий бирлашма 1985 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади савдо, инвестициялар, инновациялар, транспорт, коммуникациялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва саноат каби устувор йўналишларда давлатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.
Бугунги кунда Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотига 10 та давлат аъзо ҳисобланиб, булар – Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Афғонистон кабилардир.
ИҲТга аъзо давлатларнинг Коррупцияга қарши курашувчи ташкилотлар раҳбарлари ва омбудсманларининг биринчи учрашуви 2011 йилнинг май ойида Теҳронда бўлиб ўтган эди.
Йиғилишда аъзо давлатлар ўртасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида тажриба алмашиш, ягона коррупцияга қарши курашиш сиёсати механизмини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга тадбиқ этиш, соҳани такомиллаштириш йўллари муҳокама қилинди.
Тадбирда Коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ҳамда омбудсманлари ўз мамлакатларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ўзгаришлар, коррупцияга қарши курашишда омбудсманларининг ўрни, бу жараёнда инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатлари ҳақида маълумотлар беришди.
Акмал Бурханов, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори:
Сўнгги йилларда соҳага оид концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг аҳамияти катта ҳисобланади.
Ушбу дастурий ҳужжат асосида коррупциянинг олдини олишга қаратилган қатор муҳим чоралар кўрилди. Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тизими тубдан такомиллаштирилди, давлат идораларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари учун очиқ бўлишига қаратилган амалий чора-тадбирлар кўрилди, аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тизими тубдан ислоҳ қилинди, Ер участкалари ва давлат активларини, шунингдек, бошқа бир қатор воситаларни онлайн аукционда сотиш тизими йўлга қўйилди, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тубдан такомиллаштирилди. Шу билан бирга соҳанинг институционал асослари такомиллаштириб Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Давлат хисзматларини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.
Анжуманнинг навбатдаги қисми Минтақавий марказ фаолиятининг ташкилий масалаларига бағишланди. Қайд этилдики, Эрон давлатининг Теҳрон шаҳрида жойлашган марказ ИҲТга аъзо давлатларнинг Коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ҳамда Омбудсманларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириб боради. Минтақавий марказ давлатларнинг коррупцияга қарши курашиш тизими билан боғлиқ ташкилий масалаларига кўмаклашади. Иштирокчилар томонидан ушбу Марказ фаолиятини янада фаоллаштириш, хусусан, соҳада халқаро тажриба ва билим алмашиш механизмларини йўлга қўйиш, муҳим минтақавий тадбир ва анжуманларни ташкил этиш каби йўналишларда амалий ишлар олиб бориш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишнинг иккинчи қисмида ташкилотга аъзо давлатлар омбудсманларининг маърузалари тингланди. Аъзо давлатлар инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллари томонидан ўз давлатида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фаолиятларидаги илғор тажриба ҳамда дуч келинаётган муаммоли ҳолатлар муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш барча давлатлар учун устувор вазифалардан ҳисобланади. Шу боисдан ушбу соҳадаги ҳар бир ижобий ўзгариш аҳоли фаровонлигига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Маърузачилар томонидан Омбудсман ваколатлари доирасини кенгайтириш, жазони ижро этиш муассасаларида қийноқларнинг олдини олиш бўйича превентив механизмни такомиллаштириш орқали жазони ижро этиш муассасаларида, тергов ҳибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича жамоатчилик назорати ўрнатиш бўйича фикр-мулоҳазалари билдирилди.
Қатнашчилар анжуманнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш сиёсатида муҳим ўрин эгаллашини инобатга олиб, кўтарилган ташаббуслар, қабул қилинаётган ҳужжатлар ҳар бир давлат учун амалий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди.
Тадбирнинг якуни сифатида давлатлар ўртасида коррупцияга қарши курашиш сиёсатини амалга оширишда минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди.
Ушбу таклифлар асосида Тошкент Декларацияси қабул қилинди. Декларацияда қуйидагилар ўз аксини топди:
Бундан ташқари йиғилишда кўтарилган масалаларни ўзида акс эттирган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти аъзо давлатлари коррупцияга қарши курашувчи органлари раҳбарлари ва омбудсманларининг 4-йиғилиши хисоботи тасдиқланди.