Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъулларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан жорий йилнинг 6-8 июль кунлари Жиззах вилоятида ўрганишлар ташкил этилди.
Даставвал, вилоят ҳокимлигида қатор ташкилотлар вакиллари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги "Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони ижроси ва мазмун-моҳиятини тарғиб қилишга қаратилган семинар ташкил этилди.
Шундан сўнг, ишчи гуруҳ бюджет буюртмачилари томонидан “dxarid.uz” махсус ахборот порталида қурилиш соҳасида берилган эълонлар бўйича объектларни жойларига чиқиб ўрганишди.
Куннинг иккинчи ярмида Агентлик масъуллари Давлатимиз Раҳбарининг 2020 йил 25 ноябрдаги “Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг 9-бандига мувофиқ лойиҳа доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши жараёнида очиқлик ва ошкоралик бўйича бажарилаётган ишлар билан танишишди.
Ўрганиш доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий бўлинмалари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти, хусусан тизимда бюджет маблағларининг фойдаланиш ва қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати ўрганилди. Шунингдек, ҳолат юзасидан аҳоли ҳамда соҳа ходимлари ўртасида ижтимоий сўровнома ўтказилди. Ўрганишлар давом этмоқда.