Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар бири сифатида бир қатор соҳаларда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳаларнинг мантиқий давомида сифатида жорий йилнинг
31 май куни Агентлик томонидан Наманган вилоятининг Давлатобод туманида “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳаси тақдимоти ўтказилган эди.
Маълумот учун:
Давлатобод тумани – Олий Мажлис Сенатининг 2020 йил 11 сентябрдаги қарори билан ташкил этилган.
Наманган шаҳри таркибида янгидан ташкил этилган туман аҳолиси 140 минг кишини ташкил этади. Ҳудудида 25 та маҳалла фуқаролари йиғини, 33,8 минг хонадон, 421 та кўп қаватли уй, 3 та касб-ҳунар коллежи, 18 та умумтаълим мактаби, 24 та мактабгача таълим муассасаси, 5 та тиббиёт муассасаси, 1280 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари, 698 та хизмат кўрсатиш объэкти, 429 та саноат корхонаси ҳамда 2 та маданий мерос обекти мавжуд.
Агентликнинг Наманган вилоятида бўлиб турган ишчи гуруҳи жорий йилнинг 8 июль куни “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳасини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг ижросини ўрганиш мақсадида янги ташкил этилган Давлатобод туманига ташриф буюрди.
Ташриф давомида, туман сектор раҳбарлари ҳамда мутасадди ташкилотларвакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, “Йўл харита”си доирасида жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботлар эшитилди.
Тадбирда “Йўл харита”си доирасида туман мутасаддилари томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.