Коррупцияга қарши курашиш, бу борада олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишда идоралараро ҳамкорлик муҳим восита ҳисобланади.
Қолаверса, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.
Шу муносабат билан, жорий йилнинг 9 июль куни Агентлик ва Мактабгача таълим вазирлиги раҳбарияти иштирокида учрашув ташкил этилди.
Тадбирда идоралар ўртасида келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олиниб, вазирлик тизимида мавжуд коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Меморандум доирасида Мактабгача таълим вазирлиги тизимида коррупциявий ҳолатларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан тегишли таклифларни ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Шунингдек, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларда вазирликнинг муносиб иштирокини таъминлаш, вазирликнинг комплаенс-назорат бўлими фаолиятини самарали ташкил этиш, ходимларнинг малакасини ошириш ва бошқа масалалар юзасидан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.