Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳ вакиллари жойларда "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурини амалга оширишда бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланиши ҳамда бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ўрганишлар ўтказмоқда.
Жумладан, 13-14 июль кунлари Қашқадарё вилоятининг Косон, Касби ва Китоб туманларида бўлиб, дастурлар доирасида амалга оширилаётган ишларнинг жорий ҳолати юзасидан ўрганишлар ўтказишди.
Хусусан, ўрганишларда ушбу туманлардаги дастурга кирган умумий ўрта таълим мактаблари, маҳалла фуқаролар йиғинларида олиб борилаётган ишларнинг бугунги кундаги ҳолати ҳамда сифатига эътибор қаратилди.
Шу билан бирга маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва кутилаётган натижаларга эришишдаги мавжуд муаммолар тўғрисида туман масъулларининг ҳисоботлари тингланди.
Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан маъсулларга тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.