Сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги кўрсаткичлари ошишига сабаб бўлмоқда.
Жумладан, сўнгги тўрт йил мобайнида мамлакатимиз Мерос жамғармасининг “Иқтисодий эркинлик” индексида 52 поғонага, Жаҳон банкининг “Логистика самарадорлиги” индексида 19 поғонага, “Бизнес юритиш” индексида 18 поғона ҳамда “Коррупцияни қабул қилиш” индексида 10 поғонага кўтарилди.
Мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ва халқаро майдондаги имиджини мустаҳкамлаш мақсадида халқаро рейтинглар ва индекслар билан ишлашнинг янгича механизмлари жорий этилмоқда ҳамда уларни ишлаб чиқиш методологиялари ўрганилмоқда.
Жорий йилнинг 13 июль куни Агентлик директори Акмал Бурханов ҳамда нуфузли халқаро рейтинглардан бири ҳисобланган “Мерос” жамғармасининг “Иқтисодий эркинлик” индекси вакиллари Терри Миллер ва Энтони Ким ўртасида учрашув ташкил этилди.
Маълумот учун: Халқаро “Мерос” жамғармасининг “Иқтисодий эркинлик” инедкси ўзининг 27 йиллик тажрибага эга эканлиги ва халқаро ҳамжамиятда аниқ, объектив ва пухта ўйланган таҳлилларга асосланиши билан нуфузли ҳисобланади.
Учрашув давомида Агентлик директори Акмал Бурханов индекснинг баҳолаш манбаларидан бири ҳисобланган суд-ҳуқуқ тизими ва коррупцияга қарши курашиш йўналишида юртимизда сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот бериб ўтди.
Шунингдек, “Мерос” жамғармасининг халқаро савдо ва иқтисодиёт маркази директори Терри Миллер Ўзбекистондаги ушбу ислоҳотларни юқори баҳолашини таъкидлаб, индекс методологиясини ўрганиш юзасидан келгусида ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилди.