Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг ижросини ташкил этиш ва жамоатчиликка етказиш мақсадида жорий йилнинг 15 июль куни Андижон вилоятида Агентлик директори А. Бурханов иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари О.Турсунов, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда мутасадди идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда Агентлик масъул ходими томонидан йиғилганларга янги фармон билан давлат органлари ва ташкилотларга киритилиши кутилаётган янги талаблар тўғрисида маълумот берилди.
Жумладан, фармон талабига мувофиқ, жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари сессиялари телеканаллар, шунингдек, Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилиши назарда тутилган.
Шунингдек, тадбирда очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар ҳақида тушунтириш берилди.
Тадбир давомида фармон талабидан келиб чиқиб, вилоятда мавжуд камчиликларга тўхталиб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.