Жорий йилнинг 23 июль куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда АҚШ Давлат этика бошқармаси масъуллари иштирокида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: АҚШ Давлат этика бошқармаси Ҳукуматнинг мустақил тузилмаси бўлиб, давлат хизматида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва ҳал қилиш, давлат хизматчилари учун одоб-ахлоқ стандартларини жорий этиш ва ўқитишни ташкил қилиш каби вазифаларни амалга оширади.
Тадбир Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.
Дастлаб, Агентлик вакиллари томонидан мамлакатимизда корррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Шу билан бирга, давлат хизматида ҳалоллик стандартларини жорий этиш, давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларациялаш, манфаатлар тўқнашувини олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чоралар ҳамда бу борадаги қонунчилик асослари тўғрисида тўхталиб ўтилди.
Ўз навбатида АҚШ Давлат этика бошқармаси вакиллари ушбу йўналишларда АҚШ тажрибаси, бошқарманинг фаолият йўналишлари, давлат хизматчиларини ўқитиш масалалари, тегишли тартибларга риоя қилинмаган ҳолларда қўлланиладиган чоралар тўғрисида тегишли маълумотлар берилди.
Учрашув якунида ушбу соҳаларни янада такомиллаштириш бўйича экспертларни жалб қилиш, ўзаро тажриба алмашиш каби масалаларда икки томонлама ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.