Facebook ижтимоий тармоғида Мурод Мўминов профили остида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходими сифатида барчага ўзини таништириб, алдов йўли билан ноқонуний даромад қилаётган шахс қўлга олинди.
Дастлаб бундай фирибгарликдан жабрланган фуқаро “Н.С” томонидан Агентлик директори номига ариза билан мурожаат қилиниб, унга нисбатан қонуний жазо кўрилиши сўралган.
Ҳолат ўрганилганда, фуқаро М.Мўминов ўзини Агентлик ходими сифатида таништириб, ариза муаллифига автомашина ва уй олиб беришни ваъда қилиб, ундан 11.000 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини алдов йўли билан олганлиги маълум бўлди.
Келтириб ўтилган ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ томонидан М.Мўминовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
М.Мўминов Агентлик томонидан ўтказилган расмий тадбирларда бошқа фуқаролар қаторида иштирок этиб, ушбу тадбирлар юзасидан Интернет тармоғида бериб борилаётган фото-видео лавхаларни ўзига сақлаб олган. Мазкур маълумотларни атрофидагиларга кўрсатиш орқали ўзини Агентлик ходими эканлигига ишонтиришга ҳаракат қилиб келган. Шунингдек, у “Facebook” ижтимоий тармоғида профил очиб, ўзининг Агентликдаги иш фаолияти тўғрисида ёлғон маълумотларни жойлаштириб келган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги шуни эслатиб ўтадики, ушбу шахснинг фирибгарлик тузоғига тушиб қолган фуқаролар Агентликнинг (71)202-04-02 (316) ёки Яккасарой тумани ИИО ФМБнинг (71)230-98-40 рақамига мурожаат қилишлари мумкин.