Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳудудларда коррупция хавфи юқори бўлган соҳаларда мунтазам ўрганишлар ўтказиб келинаётганлигини маълум қиламиз.
Брифинг давомида коррупцион ҳолатларни аниқлаш юзасидан ўтказилган ана шундай ўрганишлар натижаларига тўхталиб ўтаман.
Жумладан, Агентлик томонидан ўтган бир йил давомида республика вилоятларида ўтказилган ўрганиш тадбирларида тўпланган ҳужжатлар асосида хуқуқни мухофаза қилиш органлари томонидан жами 34 та жиноят иши қўзғатилиши таъминланди.
Жиноят ишларининг 26 таси бюджет маблағларини талон-тарож қилиш, 3 таси ҳужжатларни қалбакилаштириш, 2 таси мансаб ваколатини суистеъмол қилиш, 1 таси солиқ тўлашдан бўйин товлаш, 2 таси фирибгарлик ва фирибгарлик йўли билан пора олиш жиноятлари ҳисобланади.
Ушбу жиноятларни ҳудудлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак:
Мазкур жиноятларнинг 4 таси республика, 10 таси вилоят, 20 таси туман-шаҳар ташкилотлари ҳисобига тўғри келмоқда.
Соҳалар кесимида ўрганилганда, қурилиш соҳасида 11 та, соғлиқни сақлаш соҳасида 7 та, меҳнатга ҳақ тўлаш соҳасида 4 та, олий таълим соҳасида 3 та, халқ таълими соҳасида 3 та, давлат харидлари соҳасида 2 та, сув хўжалиги соҳасида 2 та, бошқа соҳаларда 2 та жиноят содир этилгани аниқланди.
Жумладан, Андижон, Жиззах ва Навоий вилоят ҳокимликларининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари ва бошқа буюртмачи ташкилотларида жами 461,3 млрд. сўмлик қийматдаги давлат харидлари юзасидан 59 та қурилиш объектлари ўрганилди.
Ўрганишда, Андижон вилоятида 18 та, Жиззах вилоятида 11 та, Навоий вилоятида 7 та танлов ва тендерларни қонунга хилоф равишда ўтказиб, қурилиш объектларида давлат бюджетига турли кўринишда 19,6 млрд. сўм зарар етказилгани аниқланди.
Масалан, Жиззах вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси томонидан Зомин туман тиббиёт бирлашмасида перинатал маркази қуриш, Зарбдор туман ҳокимлиги маъмурий биноси, Зомин туманидаги 60-сонли мактаб ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалини реконструкция қилиш бўйича танлов ўтказилмай, харид комиссияси баённомалари сохталаштирилиб, айрим қурилиш-пудрат ташкилотлари ғолиб бўлишига шароит яратиб берилган.
Ушбу аниқланган ҳолатлар бўйича юборилган ҳужжатлар асосида прокуратура органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167- ҳамда 209-моддалари билан жами 10 та жиноят ишлари қўзғатилган.
Шунингдек, Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида соғлиқни сақлаш тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида бюджет маблағлари, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари соҳасида қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати бўйича ўрганиш ўтказилди.
Ўрганишда, вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан 9,2 млрд. сўмлик дори воситаларига муқобил тижорат таклифлари мавжуд бўлгани ҳолда, 14 млрд. 902 миллион сўмга, яъни 5 млрд. 643 миллион сўм қиммат нархларда харид қилингани, 4,9 млрд. сўмлик тендер ва 186,1 млн. сўмлик электрон дўкон шаклидаги харидлар қонун талабларига зид равишда ташкил қилингани аниқланди.
Ўрганиш натижаларига асосан Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси билан 2 та жиноят иши қўзғатилди.
Бундан ташқари, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда унинг қуйи тизимидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда давлат харидларини амалга ошириш, давлат мулкини бошқариш ва ундан фойдаланишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши ўрганилди.
Ўрганишда Норин - Қорадарё ирригация тизимидаги Олтинкўл ирригация бўлими мансабдор шахси Б.М. давлат бюджетидан ажратилган
200 млн. сўмлик иш ҳақларини сохта ҳужжатлар асосида ўзлаштирганлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат бўйича Андижон вилоят прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув якуни бўйича бўлим томонидан Б.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми ва 209-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Агентлик томонидан шунингдек, олий таълим соҳасида ўрганишлар амалга оширилди ва Наманган Давлат Университетининг 2020 йилда амалга оширган харид жараёнлари кўриб чиқилди.
Ўрганишда, Наманган Давлат Университети буюртмачилигидаги 837,0 млн. сўмлик давлат харидлари тегишли “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларининг қўпол равишда бузилган ҳолда амалга оширилгани аниқланди.
Мазкур ҳолат бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Наманган вилоят бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Шунингдек, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари Давлат молиявий назорати бошқармасида бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳолатларини аниқлаш ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ўрганилди.
Ўрганишда ҳудуддаги бюджет ташкилотлари томонидан ходимларга иш ҳақи ва бошқа тўловларни тўлаш ҳамда қурилиш учун ажратилган маблағларни сохта ҳужжатлар асосида талон-торож қилиш ҳолатлари мавжудлиги фош этилди.
Самарқанд вилоятидаги ўрганиш натижалари бўйича вилоят прокуратураси томонидан ЖКнинг 167-, 209-моддалари билан 3 та жиноят иши қўзғатилди.
Худди шундай Қашқадарё вилоятидаги ўрганиш натижалари бўйича вилоят прокуратураси томонидан ЖКнинг 144-, 205-, 208-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Таъкидлаш жоизки, Агентлик сўровномаларига асосан қўзғатилган 34 та жиноят ишларидан 15 таси жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўрганиш натижалари бўйича қўзғатилган.
Хусусан, Ўзбекистон Брокерлар ассоциациясининг мурожаатига асосан Туризм ва спорт вазирлигида ўрганиш ўтказилди.
Ўрганишда, спорт анжомлари ва жиҳозлари харид қилишда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талабларининг бузилганлиги аниқланиб, вазирлик мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилди.
Ушбу ҳолат бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, Жиноят кодексининг 167-, 205-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Шунингдек, Тошкент вилоятида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият директорининг давлат харидлари бўйича ўтказилган танлов натижаларидан норози бўлиб, Агентликка йўллаган мурожаати ўрганилди.
Ўрганишда, Ангрен шаҳар БЎСМ(Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби) томонидан ўтказилган танловда қатнашган мазкур МЧЖ томонидан берилган таклиф 596 млн. сўмлиги ва танловда ғолиб бўлган бошқа МЧЖ таклифидан 179 млн. сўмга арзон бўлишига қарамасдан, қонунчилик талабларига зид равишда юқори нарх таклиф қилган МЧЖ ғолиб деб топилганлиги аниқланиб, тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилди.
Мазкур ҳолат бўйича Тошкент вилоят прокуратураси томонидан комиссия раиси, яъни Ангрен шаҳар БЎСМ директорига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Сурхондарё вилоятида яшовчи фуқаро “Х.А.” Агентликка мурожаат қилиб, таниши М.Мўминов Коррупцияга қарши курашиш агентлигида ишлашини айтиб, унга уй-жой олиб беришни ваъда қилган ҳолда 11 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб олганлигини баён қилган.
Агентликнинг Шахсий хавфсизлик бўлими томонидан мазкур холат бўйича ўрганиш ўтказилиб, тақдим қилинган ҳужжатлар асосида Яккасарой туман ИИБ томонидан фуқаро М.Мўминовга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Агентлик коррупцияга қарши курашиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, келиб тушган аризалар асосида Давлат Хавфсизлик Хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан хамкорликда ер сотиш, пора талаб қилиш, фирибгарлик йўли билан пора беришга далолат қилиш ва бошқа ҳолатлар бўйича 7 та тезкор тадбирларда иштирок этди.
Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармаси Олтинкўл туман филиали раҳбари “М.А.” мансаб ваколатидан фойдаланиб, туман ҳокимлиги заҳирасидаги 1 гектар ер майдонини ажратиб бериш учун фуқаро “У.А.”дан 50 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётган вақтида далилий ашё билан қўлга олинган.
Ушбу ҳолат бўйичи фуқаро “М.А.”га нисбатан Жиноят кодексининг168-, 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Давлат Хавфсизлик Хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро “Ф.А.” таниши “С.К.”ни Тошкент Давлат иқтисодиёт университетига давлат гранти асосида ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 15 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётган вақтида далилий ашё билан қўлга олинган.
Ушбу ҳолат бўйича Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан фуқаро “Ф.А.”га нисбатан Жиноят кодексининг 168-, 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Агентлик бундан буён ҳам коррупция хавфи юқори бўлган соҳа ва ҳудудларда ўрганиш ишларини давом эттириб, натижалари бўйича жамоатчиликка ахборот бериб боради.
Шу ўринда фуқаролар ва тадбиркорлардан коррупция ҳолатларига дуч келганларида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ёки Коррупцияга қарши курашиш агентлигига мурожаат қилишлари сўралади.
Эслатиб ўтмоқчимизки, жорий йил 4 августдан бошлаб Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги томонидан еanticor.uz сайти ишга туширилган бўлиб, мазкур портал орқали фуқаролар коррупция ҳолатлари бўйича Агентликка мурожаат қилишлари мумкин.