Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастурига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларига ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини Интернет тармоғи орқали онлайн эфирга узатиш тартиби тест режимида йўлга қўйилди.
Хусусан, давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали орқали ўтказилаётган очиқ мустақил танловларнинг тест синовлари ва суҳбат босқичи жараёнлари YouTube тармоғида онлайн эфирга узатилмоқда.
Шунингдек, тelegram тармоғи орқали давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг ҳудудий бўлинмаларидаги мавжуд вакант лавозимлар, танлов жараёнлари ҳамда ғолиблари ҳақидаги маълумотлар доимий эълон қилиб борилмоқда.
Вакансиялар портали канали — t.me/vacancy_argos
Очиқ танловлар ғолиблари канали — t.me/vacancy_winners
Очиқ танловлар жараёнини кузатиш — t.me/vacancyonline
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6257-сон Фармонида ҳам мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, унда давлат фуқаролик хизматига очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш ҳамда ходимларнинг касбга оид сифатлари ва алоҳида хизматлари (меритократия тамойили) асосида хизмат поғоналарида кўтарилиши, давлат хизматчиларини ижтимоий ҳимоя қилишнинг шаффоф механизмларини жорий этиш ҳамда уларнинг аниқ вазифаларини белгилаш Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вазифаларидан бири сифатида келтирилган.