Коррупцияга қарши курашишда илмий ёндашувга асосланган чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этади. Ушбу жараёнларда коррупция ҳолатини ва даражасини ўрганиш, унга баҳо бериш ва устувор вазифаларни аниқлашда ижтимоий тадқиқотлар ва сўровномалар ўтказиш муҳим восита ҳисобланади.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 29-июндаги ПФ-6013-сон Фармонига асосан Агентликка коррупциянинг ҳолати, тенденциялари ва сабаблари ҳамда коррупцияга қарши чоралар кўришнинг самарадорлиги юзасидан социологик, илмий ва бошқа тадқиқотларни ташкил этиш юклатилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 10-11 ва 17-18 сентябрь кунлари Агентлик томонидан БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамкорлигида “Номутахассислар учун коррупция соҳасида социологик тадқиқотлар ўтказиш” мавзусида тренинг ўтказилди.
Маълумот учун: Мазкур тренинг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий идораси ҳамкорлигида 2021 йилда амалга ошириладиган тадбирлар режасига асосан ташкил этилди.
Тадбирга “Таҳлил” маркази раҳбари Яков Асминкин эксперт сифатида жалб этилди ҳамда унда Агентлик, Агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси, Бош прокуратура Академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Тошкент давлат юридик университети ва “Ижтимоий фикр” маркази вакиллари иштирок этди.
Ўзаро мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда иштирокчиларга эксперт томонидан амалий вазифалар берилиб, аниқ мисолларда интерактив усулда тушунчалар бериб ўтилди.
Тренингда миқдор ва сифат кўрсаткичларига асосланган тадқиқотлар ташкил этиш, ижтимоий сўровномалар ўтказишда тўғридан тўғри ва онлайн форматларнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек сўровнома натижаларидан самарали фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга эътибор қаратилди.