Коррупцияга қарши курашишда очиқлик ва шаффофлик, ҳисобдорлик ва ҳалоллик механизмларини такомиллаштириш ва ривожлантиришда иштирок этиш, шунингдек давлат органлари ва тадбиркорлар фаолиятининг шаффофлиги, ҳисобдорлиги, ҳалоллиги ва ҳаққонийлигини таъминлашда жамоатчилик назоратини жорий этиш мақсадида “Ўзбекистонда очиқлик ва шаффофлик” таҳлил маркази ташкил этилди.
Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш масалаларида таҳлил ва тадқиқотлар олиб борадиган ушбу нодавлат нотижорат ташкилот ўз фаолиятини ошкоралик, коллегиаллик, ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик, ихтиёрийлик тамойиллари асосида олиб боради.
Марказнинг асосий вазифалари этиб, қуйидагилар белгиланди:
– коррупциянинг сабабларини ва оқибатларини ҳамда у етказаётган зарарни аниқлаш;
– коррупциявий ҳаракатлар оқибатларини аниқлаш, камайтириш ва олдини олиш бўйича тадқиқотлар ўтказиш;
– очиқлик ва шаффофлик, коррупциянинг олдини олиш, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича халқаро стандартлар, амалиёт ва муаммоларни ўрганиш ҳамда уларни Ўзбекистон шароитида қўллаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
– давлат ва жамиятда коррупцияга қарши кураш, ҳуқуқ устиворлиги, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш соҳасида илмий фаолият олиб бориш, диссертациялар, монографиялар, дарсликлар ва бошқа илмий-услубий ишлар тайёрлаш;
– очиқлик ва шаффофлик, коррупциянинг олдини олиш ва қонун устуворлигини таъминлаш масалалари бўйича халқаро, минтақавий, хорижий ва маҳаллий дастурларда, лойиҳаларда, грантларда ва бошқа тадбирларда иштирок этиш.
Шунингдек, мазкур тузилма коррупция даражаси, унинг қабул қилиш ҳолати ва шахсий ҳаётида дуч келиш даражасини, давлат ҳокимияти институтларига ишонч даражаси ва коррупцияга қарши чоралар таъсирини баҳолаш мақсадида жамоатчилик фикрини ўрганади.
Таъкидлаш жоиз, “Ўзбекистонда очиқлик ва шаффофлик” таҳлил маркази Transparency International халқаро ноҳукумат ташкилотида аккредитациядан ўтиш ва бошқа ихтисослашган халқаро ташкилотларга аъзо бўлишни, улар билан ҳамкорлик қилиш ва бошқа қатор вазифаларни бажаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Марказ фаолиятини қўллаб-қувватлайди ва ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдиради.