Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар, йиғилиш қатнашчилари,
Бугун Сизларнинг эътиборингизга “Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига ва халқаро имиджига зарар етказувчи жиноятларни тергов натижаларини комплекс таҳлили” юзасидан ахборотни тақдим этмоқчиман.
Барчангизга маълум, Давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси ва ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тараққиётига путур етказадиган иллатлардан бири, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциявий омилларга чек қўйишга қаратилган тизимли, мақсадли ва комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бунда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида жамиятда авваламбор, коррупциянинг олдини олиш ва аҳоли орасида унга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган превентив чораларга устуворлик берилмоқда.
Ўтган қисқа давр мобайнида ижтимоий-иқтисодий муносабатларда коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш борасида бир қатор чоралар кўрилди.
Биринчидан, давлат хизмати тизими, Давлат органлари ходимларининг самарали ижтимоий ҳимоя қилиниши, моддий таъминоти ва рағбатлантирилишини кучайтиришга қаратилган чоралар кўрилди. Хусусан, охирги уч йилда давлат хизматчиларининг иш ҳақи бир неча баробарга оширилди.
Иккинчидан, Давлат органларининг назорат-текширув вазифалари мақбуллаштирилди. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш тизими такомиллаштирилди. Улар фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашишга йўл қўймаслик мақсадида Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти жорий қилинди.
Давлат активларини бошқариш тизими такомиллаштирилди. Давлат харидларининг мутлақо янги тизими йўлга қўйилиб, соҳада ошкоралик, шаффофликни таъминлаш, пировардида коррупциянинг олдини олиш мақсадида “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
2019 йилда бюджет маълумотларининг очиқлигини янада ошириш мақсадида бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг янги тартиби белгиланди. Унга кўра, Давлат бюджетини қонун тариқасида қабул қилиш амалиёти жорий қилинди.
Бюджет харажатларини тартибга солиш бўйича жамоатчилик назоратини амалга ошириш, бюджет қонунчилигининг бузилиши фактлари тўғрисида хабардор қилиш ва бюджет жараёнини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш тартиб-таомилини ташкил этиш мақсадида “Оpenbudget” – “Очиқ бюджет” портали ишга туширилди.
Давлат харидлари тўғрисида маълумотлар d.xarid.uz сайтига жойлаштирилиб борилмоқда. Очиқ маълумотлар портали (data.gov.uz), юридик шахслар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳисобга қўйилган маълумотлари базаси (my.gov.uz) ва бошқа платформалар бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишнинг энг самарали инструментлари бўлган очиқлик ва шаффофлик ҳамда жамоатчилик назорати принципини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Давлат бошқаруви ва хўжалик органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича самарали ички назорат (“копмлаенс-назорат”) тизимини жорий қилиш ишлари бошланди.
Учинчидан, давлат хизматларини тақдим этиш ва маъмурий тартиб-таомилларни тартибга солишнинг ҳуқуқий ва институционал асослари такомиллаштирилди.
Хусусан, маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рўйхатга олиш, лицензиялаш ва рухсат беришга доир тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда уларнинг тезкорлигини ошириш мақсадида барча ҳудудларда жами 201 та давлат хизматлари марказлари ташкил қилинди.
Ушбу марказлар томонидан 2018 йилда 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатилиши бошланган бўлса, 2019 йилда уларнинг сони 130 га етган (қарийб 3 бараварга ошган).
2020 йилдан марказлар орқали 143 турдаги шаффоф, қулай ва тезкор давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
Лицензиялаш ва рухсат бериш тизимини янада либераллаштириш ҳамда институционал жиҳатдан тубдан ислоҳ қилиш ишлари амалга оширилди. Унга кўра, жорий йилдан бошлаб, лицензияланадиган фаолият ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг 26 таси тўлиқ, 45 таси бирлаштириш йўли ва 23 таси хабардор қилиш тартиби жорий этилиши йўли билан бекор қилиниши таъминланди.
Тўртинчидан, Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш учун “Халқ қабулхона”лари, Президент портали, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг “ишонч телефон”лари жорий қилинди.
Республика бўйлаб 209 та халқ қабулхонаси ташкил этилиб, фуқароларнинг ҳуқуқларини тиклаш устувор вазифа сифатида белгиланди. Шунингдек, олис ҳудудларга барча даражадаги раҳбарларнинг сайёр қабулларини ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.
Халқнинг ҳар бир масала бўйича тўғридан-тўғри мурожаат қилиш эркинлиги таъминланиши, мансабдорларнинг халқ билан бевосита мулоқотга кириша бошлаганининг ўзиёқ қуйи ва ўрта тизимдаги коррупция даражаси қисқаришига сабаб бўлди.
Бешинчидан, Олий Мажлис палаталарида коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталар ташкил этилгани ушбу соҳада самарали парламент назоратини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерлар эркинлигини таъминлашга, давлат идораларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари учун очиқ бўлишига, раҳбарларнинг кундалик фаолиятида журналистлар билан яқин мулоқот ва ҳамкорлик ўрнатишига қаратилган амалий чора-тадбирлар кўрилди. Натижада мансабдорларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати жамоатчилик кўз олдида бор ҳолича намоён бўла бошлади. Зеро, очиқлик-ошкоралик мавжуд жойда коррупцияга қўл уриш мураккаблашади.
Олтинчидан, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Коррупция хавфи юқори бўлган олий таълим, кадастр, соғлиқни сақлаш, қурилиш, банк, молия ва бошқа коррупция ҳолатлари кузатилаётган соҳалар таҳлил қилиниб, коррупцияни юзага келишига сабаб бўлаётган омиллар ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, 2019-2020 йилларда эксперимент тариқасида, жамоатчилик ва етакчи экспертларни, шу жумладан хорижий экспертларни жалб этган ҳолда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга оширилди.
Жорий йилдан эса соғлиқни сақлаш ва давлат харидлари тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошланди.
Еттинчидан, коррупцияга қарши курашиш соҳасида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш соҳасида меъёрий ва ташкилий-амалий базани такомиллаштириш жараёнига халқаро ташкилотлар (БМТ НЖҚКБ, БМТТД, ИҲТТ, ЕХҲТ, ШҲТ, ЕОГ ва бошқалар) жалб қилинмоқда.
Мазкур ислоҳотлар натижасида, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги кўрсаткичлари ошиб бормоқда.
Жумладан, 2021 йил январь ойида эълон қилинган “Transparency International” халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан 2020 йил бўйича “Коррупцияни қабул қилиш индекси” рейтингида Ўзбекистон 180 та давлат орасида 146 ўринни эгаллаб 7 поғонага кўтарилди, 2019 йилда Ўзбекистон 153 ўринни эгаллаган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 158-ўринни ташкил этган. Ўзбекистон икки йил ичида 12 поғона кўтарилиб, Марказий Осиё минтақасида коррупцияга қарши курашишда энг барқарор кўрсаткични намойиш этмоқда.
2020 йил март ойида “World Justice Project” халқаро фуқаролик жамияти ташкилоти томонидан эълон қилинган “Ҳуқуқ устуворлиги” индексида Ўзбекистон 0,47 балл билан 92-ўринни эгаллаган. Мазкур ҳисоботда Ўзбекистоннинг энг катта ўзгариши “Коррупциянинг мавжуд эмаслиги” кўрсаткичида қайд этилган бўлиб 0,40 балл билан 89-ўрин бўлган (2019 йилда 0,38 балл билан 95-ўрин).
Шунингдек, 2020 йилнинг сентябрь ойида эълон қилинган Жаҳон банки Бошқарув сифати индикаторларининг 2019 йил учун дунё мамлакатлари рейтингида Ўзбекистон “Коррупцияни назорат қилиш” индексида 214 давлат орасидан 179-ўринни (2018 йилда – 183-ўрин) эгаллади.
Бундан ташқари, 2020 йилнинг декабрь ойида “Open Data Watch” халқаро нотижорат ташкилоти томонидан эълон қилинган очиқ маълумотлар рейтингида Ўзбекистон 63 балл билан жаҳон бўйича 187 мамлакат орасидан 44-ўринни, Марказий Осиёда эса 1-ўринни эгаллади.
Ҳисоботда Ўзбекистон ушбу кўрсаткич бўйича 2018 йилга нисбатан 125 ўринга юқорилаган икки мамлакатдан бири сифатида эътироф этилган.
Шу билан бирга, мазкур йўналишда олиб борилаётган тизимли чора-тадбирларнинг узвий давоми сифатида Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Суди ва Бош прокуратура билан ҳамкорликда коррупцияга оид, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига ва халқаро имиджига зарар етказувчи жиноятларни тергов қилиш натижалари комплекс таҳлил қилиб борилмоқда.
Хусусан, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги йилларда Республикада коррупцияга оид жиноятчиликка қарши кураш борасида бир қатор амалий чора-тадбирлар натижасида коррупцияга оид жиноятларни фош қилиш даражаси ошган.
2020 йилда жами 1723 та, шундан 9 нафар Республика даражасидаги, 45 нафар вилоят даражасидаги, 1669 та туман ва шаҳар даражасидаги мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилган ва коррупция оқибатида етказилган 500 млрд сўмлик моддий зарарнинг 71% ёки 355 млрд сўми айбдорлардан тергов давомида ундирилган.
2020 йилда аниқланган коррупцион жиноятлар содир этган мансабдор шахсларнинг энг катта қисми, яъни 835 нафар шахс (48,5%) ЖКнинг 167-моддасида кўрсатилган жиноятларни содир этган шахслар ташкил қилган. Шунингдек, ЖКнинг 168-моддаси билан 227 нафар шахс, 184-моддаси билан 207 нафар шахс, 210-моддаси билан 105 нафар шахс, 205-моддаси билан 58 нафар шахс, 206-моддаси билан 31 нафар шахс, 207-моддаси билан 25 нафар шахс, 209-моддаси билан 16 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
2020 йил давомида мансабдор шахслар фаолият юритган давлат органлари ва ташкилотлари кесимида ўтказилган таҳлил давомида аниқланишича, 249 та Халқ таълими вазирлиги, 166 та Соғлиқни сақлаш вазирлиги 166 та, 78 та банк, 70 та Мактабгача таълим вазирлиги, 53 та Ергеодезкадастр қўмитаси, 31 та Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, 31 та Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, 18 та ҳоким ўринбосарлари, 18 та Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, 13 та ДСҚ, 7 та Мудофаа вазирлиги, 3 та судья, 3 та Архитектура қўмитаси, 2 та Адлия вазирлиги, 947 та бошқа вазирлик ва идоралар мансабдор шахслари жиноий жавобгарликка тортилган.
2020 йил давомида жиноий жавобгарликка тортилган шахслар фаолият юритган ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганида, 245 та Тошкент вилояти, 173 та Самарқанд вилояти, 170 та Жиззах вилояти, 130 та Сурхондарё вилояти, 152 та Фарғона вилояти, 109 та Наманган вилояти, 100 та Андижон вилояти, 95 та Қашқадарё вилояти, 85 та Сирдарё вилояти, 79 та Хоразм вилояти, 78 та Тошкент шаҳри, 78 та Қорақалпоғистон Республикаси, 51 та Навоий вилоят, 19 та Бухоро вилоятида мансабдорлик жиноятлари қайд этилган.
2021 йилнинг 6 ойи мобайнида 2544 нафар мансабдор шахсга нисбатан коррупция ҳолатлари билан боғлиқ бўлган 1676 та жиноят ишлари тергов қилиниб, судларга юборилган.
2021 йилнинг 6 ойи давомида аниқланган коррупцион жиноятлар содир этган мансабдор шахсларнинг энг катта қисми, яъни 1297 нафар шахс (51%) ЖКнинг 167-моддасида кўрсатилган жиноятларни содир этган шахслар ташкил қилган. Шунингдек, ЖКнинг 168-моддаси билан 420 нафар шахс, 210-моддаси билан 80 нафар шахс, 205-моддаси билан
58 нафар шахс, 206-моддаси билан 4 нафар шахс, 209-моддаси билан 18 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
2021 йил 6 ойи давомида мансабдор шахслар фаолият юритган давлат органлари ва ташкилотлари кесимида ўтказилган таҳлил давомида аниқланишича, 107 та Соғлиқни сақлаш вазирлиги, 74 та Халқ таълими вазирлиги, 69 та давлат улуши бўлган давлат ташкилотлари, 66 та банк, 64 та Мактабгача таълим вазирлиги, 55 та Транспорт вазирлиги, 32 та Энергетика вазирлиги, 26 та Сув хўжалиги вазирлиги, 26 та Меҳнат вазирлиги, 24 та Давлат Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, 23 та Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, 15 та Маданият вазирлиги, 15 та Давлат солиқ қўмитаси, 14 та Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, 13 та Қишлоқ хўжалик вазирлиги, 10 та Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, 9 та ҳоким ўринбосарлари, 9 та Молия вазирлиги, 5 та Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, 4 та Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси мансабдор шахслари жиноий жавобгарликка тортилган.
Суд якунлари бўйича коррупцияга оид жиноят ишлари бўйича 592,5 млрд сўмлик моддий зарар етказилганлиги аниқланиб, шундан 170,8 млрд сўми ёки (28%) ундирилиб, 421,7 млрд сўм Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан ундирилиши белгиланган.
Шунингдек, Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига ва халқаро имиджига зарар етказувчи ҳамда 2020 йил - 2021 йилнинг 1-ярмида очиқ суд жараёнларида кўриб чиқилган 55 та жиноят ишлари ўрганиб чиқилди. Жиноят ишларини саралашда коррупцион ҳолатларнинг оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганлик, юқори рутбадаги мансабдорлар томонидан содир этилганлик ва зарар миқдори 1 млн АҚШ долларидан ошиқ бўлганлик каби мезонлар белгилаб олинди.
Бундай жиноят ишларининг 15 таси фирибгарлик, 18 таси ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилиш, 2 таси порахўрлик, 20 таси бошқарув тартибига қарши қаратилган жиноятларни ташкил қилади.
Бундай жиноятлар орасида “Сардоба сув омбори” қурилиши жараёнидаги талон-тарожлик ва суиистеъмолчиликлар юзасидан 17 нафар мансабдор шахс, жумладан “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” УК бош директорининг ўринбосари – Гидротехник иншоотлар қуриш дирекцияси бошлиғи М.Холматов, Сув хўжалиги вазирлиги Сув ресурслари васувдан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Ш.Кучкаров, Сардоба” сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси бошлиғи Ф.Данабоев, Сирдарё сув қурилиш инвест” ДУК раҳбари С.Абдуназаров ва бошқалар ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари, 209-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 258-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.
Зарар миқдори 1 млн АҚШ доллари эквивалентидан юқори бўлган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига ва халқаро имиджига зарар етказувчи жиноят ишлари сони эса 2020 йилда 2 та, 2021 йилда 3 тадан иборат.
Мисол учун, Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахслари 2018 йил ноябрь-декабрь, 2019 йил ва 2020 йил 11 ойи давомида 33,8 млрд сўм нақд пул маблағларини банкдаги ҳисоб рақамдан нақд пулда ечиб олиб, ушбу пулларни бухгалтерияга кирим қилмасдан, талон-тарож қилганлиги аниқланган. Ушбу ҳолат бўйича суднинг ҳукми билан А.Арипжонов ЖК 167-моддаси 3-қисмининг «а» банди, 209-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига ва халқаро имиджига зарар етказувчи жиноят ишлари орасида 2020 йилда 34 нафар шахсга нисбатан 6 та жиноят иши, 61 нафар шахсга нисбатан 9 та жиноят иши оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.
Мазкур тоифадаги жиноят ишлари бўйича Республика ва вилоят миқёсидаги давлат органлари, ташкилотлари ва корхоналари раҳбар ва ўринбосарларига нисбатан 2020 йил давомида 19 та жиноят иши бўйича 21 нафар мансабдор шахсга нисбатан, 2021 йил 1-ярмида 17 та жиноят иши бўйича 18 та мансабдор шахсларга нисбатан суднинг айблов ҳукми чиқарилган.
Шунингдек, таъкидлаш жоизки, 2019-2020 йиллар давомида маҳаллий ҳокимликларнинг 142 нафар ходимлари, жумладан 6 нафар ҳоким ва 49 нафар ҳоким ўринбосарлари коррупцион жиноятлар учун судланган. Бундай коррупциявий жиноятларни содир этиш ҳолатлари асосан Тошкент вилояти (30 нафар), Тошкент шаҳри ва Жиззах вилояти (14 нафардан) ҳиссасига тўғри келади. Маҳаллий ҳокимликлар тизимида коррупциявий ҳолатлар асосан бюджет маблағлари, жумладан қурилиш учун ажратилган маблағларни сарфлаш, давлат харидларини амалга ошириш, биноларни бузиш билан боғлиқ компенсация масалаларини ҳал этишда йўл қўйилмоқда.
Маҳаллий ҳокимликлар тизимида кадрлар тизимидаги камчиликлар, айниқса муқаддам коррупцион жиноятлар содир этган шахсларни янги масъул лавозимларга тайинланганлиги, юридик хизмат тизимининг сифатли ва профессионал кадрлар билан жамланмаганлиги каби ҳолатлар коррупциявий ҳолатлар содир этилишига шароит яратганлигини айтиб ўтиш зарур.
Ёки яна бир ҳолат, Наманган вилоят ҳокимлигининг уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ҳузуридаги “Наманган таъмирлаш тиклаш хизмати” ДУК директори Ж.Хашимов ва буюртмачи “Кўп хонадонли уйларни ва иссиқлик таъминоти объектларини қуриш бўйича инжиниринг компанияси” ДУК Наманган вилоят филиали раҳбари А.Таджибаев бир гуруҳ бўлиб, Давлат дастурига асосан вилоят ҳудудидаги кўп қаватли уйларда болалар майдончасини қуриш юзасидан танлов комиссиясига ўзининг раҳбарлигидаги “Наманган таъмирлаш тиклаш хизмати” ДУК ҳамда ўзи таъсисчи ҳисобланган “Капитал қурилиш дизайн сервис” МЧЖ номзодини қўйиш орқали ғолибликни қўлга киритиб, тузилган 1 млрд сўмлик пудрат шартномаларига мувофиқ, Наманган шаҳридаги 13 та уйларда 170 млн сўмлик, Тўрақўрғон туманидаги 2 та уйларда 8,9 млн сўмлик, Поп туманидаги 3 та уйларда 11 млн сўмлик ва Янгиқўрғон туманидаги 4 та уйларда 13 млн сўмлик, жами 203 млн сўмлик қурилиш ишлари бажарилгани ҳақида Шакл-3 ҳисоботларига сохта маълумотлар киритиб, қалбаки эканлигини била туриб, улардан фойдаланиб, ҳақиқатда бажарилган ишларга нисбатан 203 млн сўм маблағларни ортиқча олиб, ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилишган.
Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига ва халқаро имиджига зарар етказувчи жиноятларни тергов қилиш натижаларини комплекс таҳлил қилиш давомида давлат харидлари соҳасида бир қатор муаммоли ҳолатлар мавжудлиги аниқланди.
Жумладан, давлат харидлари жараёнида коррупцияга қарши назорат тизими самарадорлиги тўлақонли бўлмаганлиги оқибатида мақсадсиз ёки сунъий оширилган нархларда харидларни амалга ошириш, талон-тарожликлар кўринишидаги хавф-хатарлар ҳамон сақланиб қолмоқда. Хусусан, Бош прокуратуранинг маълумотига кўра, “Давлат харидлари тўғрисида” ги қонун ҳужжатлари ижроси бузилганлиги билан боғлиқ 2019 йилда 17 та (7,3 млрд сўм), 2020 йилда 40 та (73,3 млрд сўм), 2021 йилда 38 та (142,7 млрд сўм моддий зарар) жиноят аниқланган.
Маълумот ўрнида шуни қайд этиш жоизки, 2020 йил давомида Республикадаги давлат харидларининг ЯИМ (ялпи ички маҳсулот) даги улуши 21,4%ни ташкил қилиб, давлат буюртмачилари томонидан 1 млн.дан ортиқ битимлар доирасида жами 124 трлн сўмдан ошиқ қийматда давлат харидлари амалга оширилган. Ваҳоланки, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларда давлат харидларининг ЯИМ даги улуши ўртача улуши 12% ни ташкил қилади.
Давлат харидларига тадбиркорларнинг тўлақонли иштирок этишлари учун етарли шарт-шароитларнинг яратилмаганлиги оқибатида, Молия вазирлигининг расмий маълумоти бўйича фақат
5% тадбиркорлик субъектлари харид жараёнларида иштирок этишмоқда.
Биринчидан, давлат харидлари жараёнидаги айрим давлат буюртмачиларининг таниш-билишчилик асосида ижрочиларни танлашлари ёки манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш ҳолатлари содир бўлмоқда.
Мисол учун, Жиззах вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Рахмонқуловнинг яқин қариндошлари томонидан назорат қилинувчи “J-Quruvchi” МЧЖ 120 млрд. сўмлик, “Qurilish Ta'minoti” МЧЖ 80 млрд. сўмлик, “Abduvohid Qurilish Ta’mir’ МЧЖ 61 млрд. сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритганлигини келтириш мумкин.
Ушбу қонун бузилишининг содир этилиши сабаб ва шарт-шароитлари таҳлил қилинганида, харид ғолибини аниқлаш жараёнида маълумотларнинг етарлича очиқлиги таъминланмаётганлиги, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва ҳуқуқбузарликлар содир қилишни олдиндан тийиб туриш механизмининг самарали фаолият юритмаётганлиги, соҳада “инсон омили” етарлича бартараф қилинмаганлиги каби омиллар аниқланди.
Шунингдек, қонунчиликда манфаатлар тўқнашувини бузганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик назарда тутилмаган бўлиб, амалиётда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан квалификация қилишга уринишлар мавжуд бўлса-да, давлат ва жамият манфаатларига етказилган кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилганлиги ҳолатини тергов ва суд органлари томонидан ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳар хил талқин қилиш ҳолатлари учрамоқда.
Ваҳоланки, тендер ва танловларда айрим мансабдор шахслар томонидан рақобат муҳити бузилиб, аксарият манфаатли битимлар уларнинг назорати остидаги ижрочилар томонидан қўлга киритилаётганлиги натижасида кичик тадбиркорлик субъектлари бизнеслари ўсиши учун муҳим бўлган даромаддан маҳрум бўлишмоқда ва уларда давлат харидлари бозорига кириб келишга ишончсизлик кайфияти шаклланмоқда.
Иккинчидан, давлат буюртмачилари томонидан рақобат тамойилларига зид равишда иштирокчиларга сунъий оширилган талаблар ишлаб чиқишлари ёки ҳеч бир асоссиз талабгорларнинг таклифларини қабул қилмаслик ҳолатлари давом этмоқда.
Ушбу ҳолатларнинг содир этилиши сабаб ва шарт-шароитларини таҳлил қилиш якунлари шуни кўрсатмоқдаки, энг яхши таклифларни танлаш ва тендерлар жараёнида умумий ва малакавий талаблар ҳамда техник топшириқлардаги талаблар етарлича норматив-ҳуқуқий тартибга солинмаган ва даврий такрорланувчи айрим турдаги товарлар, ишлар хизматлар бўйича намунавий техник топшириқ ва техник иқтисодий асослар ишлаб чиқилмаган.
Бунинг оқибатида, давлат буюртмачилари томонидан “олдиндан келишиб олинган” ижрочига норасмий тарзда техник топшириқни ишлаб чиқишни юклаш орқали танлов шартларни яратиш ва бошқа ижрочиларга ортиқча малака талаблари қўйиш кўринишидаги коррупцион схемалар содир этилмоқда.
Учинчидан, давлат буюртмачилари томонидан энг яхши таклифларни танлаш ва тендерлар ўтказиш учун эълонлар бериш жараёнида таклифларни баҳолаш мезонларини олдиндан эълон қилмаслик ёки мезонларнинг объектив эмаслиги, ортиқча бюрократик тўсиқлар ва зарур ахборот таъминотининг талаб даражасида эмаслиги ҳолатлари содир этилмоқда.
Бу каби ҳолатлар бошқа тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат харидлари савдоларига эркин кириб келишларига тўсиқ бўлмоқда ва бунинг оқибатида ҳалол рақобат муҳитига нисбатан ишончсизлик ҳисси пайдо бўлмоқда.
Тўртинчидан, норматив–ҳуқуқий базанинг такомиллашмаганлиги, тарқоқ ҳолатда ва унификация қилинмаганлиги, шунингдек аксарият ижтимоий муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинмай, ҳуқуқий бўшлиқлар сақланиб қолаётганлиги оқибатида турли коррупцион схемаларнинг фаолиятига шарт-шароит яратилмоқда.
Мисол учун, янги таҳрирдаги “Давлат харидлари тўғрисида” қонунга мувофиқ, харид комиссиясини шакллантириш давлат буюртмачисининг субъектив ихтиёрига ҳавола қилиниб, комиссия айнан қандай аъзолардан таркиб топиши, йиғилишларда кворумлар масаласи, танлов комиссия раиси қандай тайинланиши масалалари очиқ қолиб кетган. Мазкур давлат буюртмачилари раҳбарлари томонидан коррупция ҳолатлари содир этишларига, хусусан харид комиссиясини ўзига итоаткор қўл остидаги ходимлар таркибидан шакллантириши, ўзининг маъмурий ресурсларидан фойдаланиб, харид комиссия аъзоларига таъсир кўрсатишига ва оқибатда “олдиндан келишилган” харид иштирокчиларининг ғолиб бўлишларига имкон бериши мумкин.
Бешинчидан, амалдаги давлат харидлари соҳасидаги маълумотларнинг очиқлик ва шаффофлик даражаси коррупциянинг олдини олиш учун етарли бўлмаяпти. Айниқса, давлат харидлари порталининг ахборот бериш функцияси оддий фойдаланувчи фуқаро учун ўта мураккаб бўлиб, порталдан зарур маълумотларни олиш катта тажриба ва билим талаб қилади.
Айни вақтда, xarid.uz портали бюджет ва корпоратив буюртмачилар кесимида ажратилганлиги, давлат буюртмачисининг СТИР ҳақидаги маълумотларни билмаган фойдаланувчи томонидан аниқ бир буюртмачи ёки молиялаштириш манбалари кесимида маълумотларни қидириш ва таҳлил қилиш имкони йўқлиги жамоатчилик назорати учун ҳам тўсиқ бўлмоқда.
Олтинчидан, давлат харидларида рақобат муҳитини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларга қарамасдан, рақобатга асосланмаган тартиб-таомиллар орқали ижрочини танлаш салмоғи юқорилигича қолмоқда. Хусусан, харидларнинг 37,6% (46,6 трлн сўм) тўғридан-тўғри музокаралар орқали, 31,5% (39,0 трлн сўм) ягона етказиб берувчилар билан тузилган.
Харидлар жараёнида 7,5 трлн сўм қийматдаги 45502 та шартномалар бўйича танловлар ўтказиш, 12,3 трлн сўмлик 2349 та шартномалар бўйича тендерлар ўтказиш орқали ижрочилар аниқланган бўлиб, шундан 0,1 % улушни 80 млрд сўмлик 269 та электрон тендер ва танловлар ташкил қилади.
Шу билан бирга, Қурилиш вазирлигининг “Шаффоф қурилиш” тизимидаги электрон тендерлар жараёнидаги иштирокчиларни баҳолаш мезонларини ишлаб чиқишда чуқур илмий-амалий ёндашилмаганлиги оқибатида, тадбиркорлик орасида айрим норозиликларга сабаб бўлмоқда.
Еттинчидан, харид иштирокчилари томонидан ноҳалол рақобат асосида ғолибликни қўлга киритиш мақсадида сохта ҳужжатлар тақдим қилиш, ўзининг молиявий имкониятларини сунъий ошириб кўрсатиш, шунингдек давлат хариди шартномасини ижро қилиш давомида инсофсизлик содир қилиш ҳолатлари давом этмоқда. Бундай инсофсиз ижрочилар турли коррупцион алоқалар орқали Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига тушмай қолиб, жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланмаяпти.
Саккизинчидан, давлат харидлари соҳасидаги назорат кўп ҳолатларда постфактум ҳолатида ишламоқда, харид иштирокчисини танлаш жараёнига қадар ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш функцияси самарадорлиги паст ҳолатда сақланиб қолмоқда. Шу билан бирга, давлат харидлари тўғрисида қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари юзасидан суд ва тергов органлари томонидан даврий умумлаштиришлар ўтказилмаяпти.
Давлат харидлари соҳасидаги хавфларни таҳлил қилиш ва баҳолаш учун зарур бўлган жиноий, маъмурий ва фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик чоралари статистикаси юритилмаяпти.
Давлат харидларини қиммат нархларда амалга ошириш, давлат харидлари бозорига кириб келишга тўсқинлик қилиш, ноқонуний қарорлар учун коллегиал жавобгарлик, рақобат муҳитини бузиш, танлов ва тендерлар ўтказиш жараёнида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби ҳолатлар бўйича жиноий ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар, тергов ва суд жараёнида келиб чиқаётган муаммолар бўйича Олий Суд Пленуми қарорига ва услубий қўлланмаларга эҳтиёж мавжуд.
Тўққизинчидан, давлат хизматида ишга қабул қилиш ва кадрлар билан ишлаш борасидаги фаолиятда айрим камчиликлар мавжуд.
Хусусан, сўнгги икки йилда коррупциявий қилмишлари учун жиноий жавобгарликка тортилган маҳаллий ҳокимликлар ходимларининг 20 нафари, жумладан 7 нафари туман ҳокими ўринбосари ва 13 нафари бошқа ходимлари муқаддам шу тоифадаги жиноятларни содир этганлиги учун судланган шахсларни ташкил қилади.
Масалан, Ф.Атемов Қуйи чирчиқ туман ободонлаштириш боқшармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келиб, 118,4 млн сўмлик бюджет маблағларини талон-тарож қилиш ва мансаб сохтакорлиги учун 2019 йил февраль ойида суд томонидан икки йил бир ой муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинган. Шундай бўлса-да, Ф.Атемов 2019 йил сентябрь ойида Қуйи чирчиқ туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган. Бироқ, у мансабидан фойдаланиб, туман ўрмон хўжалигига қарашли ер майдонидан 17 нафар фуқароларга деҳқон хўжалиги учун ажратилган томорқа ер участкаларига асоссиз равишда мулк ҳуқуқи тан олинишига йўл қўйганлиги учун жавобгарликка тортилган.
Ўнинчидан, давлат идоралари ва ташкилотларида юридик хизмат фаолияти ҳанузгача ўз мустақил позициясига эга, билимли ҳуқуқшунослар ходимлар билан жамлаш ўрнига, раҳбарларга сўзсиз итоат қилувчи ва паст савияли ходимлар тайинланиб келинмоқда.
Хусусан, сўнгги икки йилда туман-шаҳар ҳокимлари томонидан чиқарилган қарорларнинг 9196 таси қонунга зид бўлганлиги учун бекор қилинган ва 7768 таси қонунга мувофиқлаштирилган.
Ёки, ҳокимлик тизимидаги ҳуқуқшуносларнинг ўзлари томонидан қонун бузилишлари содир қилинган. Масалан, Жиззах шаҳар ҳокимлиги ҳуқуқшуноси Ж.Ахбутаев фукаро З.Саъдуллаевни "Эски шаҳар буюм савдо комплекси" АЖ раиси ўринбосари лавозимига тайинлаш эвазига 3.400 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган. Ёки, турар - жой қуришга ер участкаси олиб бериш важи билан Нукус тyмани ҳокимлиги ҳуқуқшуноси А.Гобенов 94 млн сўм, Тупроққалъа тумани хокимлиги хуқуқшуноси А.Абдуллаев 6,5 минг АҚШ доллари, Чиноз тумани ҳокимлиги бош юристконсульти О.Ташматов 5 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олганлиги учун жазо муқаррарлиги таъминланган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига ва халқаро имиджига зарар етказувчи жиноят ишларини ўрганиш давомида коррупцион жиноятларга қарши курашиш соҳасида бир қатор муаммолар мавжудлиги маълум бўлди:
Биринчидан, Жиноят Кодексида “коррупция оид жиноятлар” тушунчасига тўлақонли ҳуқуқий таъриф берилмаган. Бунда коррупцияга оид жиноятларни аниқ ва бир хил таърифини белгилаш ва қандай ижтимоий хавфли қилмишлар киришини белгилаш мақсадга мувофиқ.
Мазкур ҳуқуқий таъриф, коррупцияга оид жиноятлар тўғрисида статистикани юритиш, коррупцион вазиятни таҳлил қилиш, баҳолаш ҳамда коррупция ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган шахслар ҳақидаги маълумотлар базасини шакллантиришга имкон беради.
Шу боис, Жиноят кодексида “коррупцияга оид жиноятлар” тушунчасига аниқ таъриф берилиши ҳамда шу таъриф асосида ҳуқуқий статистик маълумотлар юритилиши мақсадга мувофиқ.
Иккинчидан, коррупцияга оид жиноятларни тергов қилиш натижалари таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги пайтларда коррупцион жиноятлар оқибатида етказилган моддий зарарни ундириш аҳволи йилдан йилга пасайиб бормоқда. Хусусан, 2019 йилда жами коррупцион жиноятлар оқибатида етказилган 1,8 трлн сўмлик моддий зарарнинг 94,1% ёки 1,74 млрд сўми айбдорлардан тергов давомида ундирилган. 2020 йилда эса 500 млрд сўмлик моддий зарарнинг 71% ёки 355 млрд сўми айбдорлардан тергов давомида ундирилган. Олий суд тақдим қилинган маълумотларга кўра, 2021 йил 6 ойида коррупцияга оид жиноят ишлари судлови якунлари бўйича бўйича 592,5 млрд сўмлик моддий зарар етказилганлиги аниқланиб, шундан 170,8 млрд сўми ёки (28%) ундирилиб, 421,7 млрд сўм Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан ундирилиши белгиланган.
Учинчидан, коррупцион жиноятлар орасида ЖКнинг
167-моддасида кўрсатилган жиноятлар салмоғи юқорилигича қолмоқда. Мисол учун, 2019 йилда аниқланган коррупцион жиноятлар содир этган мансабдор шахсларнинг энг катта қисми, яъни 660 нафар шахс (49,3%) ни, 2020 йилда 835 нафар шахс (48,5%) ни, 2021 йилнинг 6 ойи давомида 835 нафар шахс (51%) ни ЖКнинг 167-моддасида кўрсатилган жиноятларни содир этган шахслар ташкил қилган.
Шунингдек, жиноят ишларининг судлови якунлари таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳолларда моддий зарар қопланмаган ҳолатлар бўйича озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш имкони мавжуд бўлгани ҳолда, судлар томонидан озодликни чеклаш жазоси тайинлаш амалиёти мавжуд.
Мисол учун, жиноят ишлари бўйича Бўз туман судининг 2019 йил
2 апрель кунги ҳукми билан Каюмов Отабек Одилович (1981 й.т.) Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди,
209-моддаси 1-қисми ва 227-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, етказилган 195 млн сўм моддий зарардан 51 млн сўм қисми қопланмаган бўлса-да, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 72-моддасини қўллаб, 2 йил муддатга синов муддати белгилаган.
Ёки яна бир мисол, жиноят ишлари бўйича Бўз туман судининг ҳукмининг 2019 йил 4 июнь кунги ҳукми билан Хамраева Сурайё Абдугафуровна Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “а,в,г” бандлари ва 227-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, етказилган 99,6 млн сўмлик моддий зарар умуман қопланмаган бўлса-да, судланувчининг аввалига 16,3 млн сўм, сўнгра 6 ой давомида қолган моддий зарарларни тўлаб бериши ҳақидаги ваъдаси асос қилиб олиниб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 72-моддасини қўллаб, тайинланган жазони шартли деб ҳисоблаб, 2 йил муддатга синов муддати белгиланган.
Комплекс таҳлиллар натижалари моддий зарар қопланмаган ҳолатлар юзасидан ЖКнинг 167-моддасида кўрсатилган жиноий жавобгарликни оширишни ҳамда моддий нормаларни янада такомиллаштириш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.
Шунингдек, ҳозирги вақтда Агентлик, Олий Суд, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги томонидан коррупциянинг олдини олишга қаратилган қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда:
- Коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларнинг реестри шакллантирилмоқда;
- Коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан айрим енгиллаштирувчи ҳолатлар, хусусан авф этиш, амнистия, ЖК нинг 73,74-моддаси қўлланилмаслигини белгилаш юзасидан қонун лойиҳалари устида ишланмоқда;
- “Давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш тўғрисида”, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида” қонун лойиҳалари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида"ги Қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобига амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини мажбурий равишда коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартибини жорий этиш тўғрисида"ги Қарори лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Шунга кўра, қуйидагилар таклиф қилинади:
1. ЖКнинг 167-, 168-моддасини таҳрир қилиб, 167-моддаси 1,2,3,4- та қисмларни тузиш, жуда кўп миқдордаги талон-тарожликларни ўта оғир жиноятлар турига киритиш, мансаб ёки хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан 167-, 168-моддасида назарда тутилган жиноятлар содир қилинган ва моддий зарар қопланмаган ҳолатлар бўйича узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш;
2. ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “г” банди “мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш”, 168-моддаси 3-қисми “в” бандида “хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш” жумлалари қўлланилган. Бунда ЖКнинг
167, 168-моддаларида назарда тутилган жиноятлар нафақат мансабдор шахслар, балки хизматчилар томонидан ҳам содир этилиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, “мансаб ёки хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш йўли” жумласига таҳрир қилиш ҳуқуқни қўллаш амалиётида нормани турлича шарҳлашларнинг олдини олади ва статистик ҳисоботлар юритилишини осонлаштиради.
3. Етказилган моддий зарар қопланмаган тақдирда озодликни чеклаш, шартли ҳукм қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари каби жазолар тайинланмаслигини, ЖКнинг 73-, 74-моддаларига ўзгартириш киритиб, ЖКнинг 167, 168-моддасида кўрсатилган жиноятларни содир қилиб, моддий зарарни қопламаган шахсларга нисбатан жазодан шартли равишда озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилмаслигини киритиш;
4. Мансабдор шахс томонидан кўп миқдордаги давлат харидларига оид битимларни манфаатлар тўқнашувига эга бўлган шахслар билан тузганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи Жиноят Кодексига янги 1751-моддасини киритиш;
5. Жиноят кодексида “коррупцияга оид жиноятлар” тушунчасига аниқ таъриф бериш;
6. ЖКнинг 57-моддасига ҳам тегишли ўзгартириш киритиб, коррупцион жиноятларни содир қилган шахсларга қонунда кўрсатилганидан кўра енгилроқ жазо қўллашга йўл қўйилмаслигини белгилаш;
7. ЖКнинг 167, 168, 202-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир қилиб, моддий зарар қопланмаган тақдирда, судлар томонидан озодликни чеклаш жазосини тайинлаш ва шартли жазо қўллашнинг аниқ мезонларини ЖКда белгилаш;
8. Жиноят ишларини Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига ва халқаро имиджига зарар етказувчи сифатида баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш, шунингдек ушбу соҳадаги илмий-тадқиқот фаолиятини рағбатлантириш;
9. Жиноят – процессуал кодексга Агентликнинг коррупцияга оид жиноят ишларини ўрганишга доир ваколатларини белгиловчи тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.
Эътиборингиз учун раҳмат.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори
Акмал Бурханов