Коррупцияга қарши курашиш жараёнларида давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади. Ана шу ҳамкорликни ўзида акс эттирган ҳолда ҳудудларда Коррупцияга қарши курашиш Кенгашлари ташкил этилмоқда.
Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Навоий шаҳрида Коррупцияга қарши курашиш бўйича Навоий вилоят кенгашининг таъсис мажлиси ташкил этилди.
Йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарияти, халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутатлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда Коррупцияга қарши курашиш бўйича Навоий вилоят кенгаши аъзолари таништирилиб, уларнинг вазифа, ҳуқуқ ва мажбуриятлари батафсил тушунтирилди.
Қайд этилганидек, кенгаш Низомига асосан ҳудудларда ҳам коррупцияга қарши курашиш жараёнларининг самарадорлигини ошириш, махаллий давлат хокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш Ҳудудий кенгашларнинг асосий мақсади ҳисобланади.
Йиғилишда миллий кенгаш аъзолари томонидан ҳудудий кенгашнинг ҳар бир аъзоси масъулиятни ҳис қилиши, олдига қўйилган вазифаларни сидқидилдан бажариши лозимлигини қайд этган ҳолда асосий вазифаларга тўхталиб ўтилди. Жумладан,
- Навоий вилоятида коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ва ташкилотлар иш самарадорлигини оширишга қаратилган қарорлар қабул қилиш;
- Миллий кенгашга қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш;
- коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи маҳаллий давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботларини ва маърузаларини эшитиш;
- ҳудудларда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолатини комплекс ўрганиш каби вазифалар шулар жумласидандир.
Йиғилиш якунида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича аниқ ва амалий чора-тадбирларни кўриш лозимлиги қайд этилди.