Бухоро вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши таъсис йиғилиши долзарб муаммо––жамият тараққиётига жиддий ғов бўлиб келаётган коррупция ва унинг олдини олиш масаласига бағишланди.
Йиғилишда ҳудудий кенгаш аъзолари, вилоят ҳокимлиги, депутатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, иқтисодиёт ва агросаноат мажмуи, таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Таъсис мажлиси аввалида вилоят Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши аъзолари таркиби эълон қилинди. Шундан сўнг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг ўринбосари Умида Тўхташева, Ўзбекистон Республикаси Олий суди бўлим бошлиғи Анвар Ҳусанов, Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобир Каримовлар сўзга чиқиб, янги ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши олдида турган вазифалар, қолаверса, ўтган йиллар ва шу йилнинг ўтган даврида мамлакатимизда, хусусан, вилоятда коррупция ва порахўрлик билан боғлиқ аниқланган қонунбузарлик ҳолатлари, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган шарт-шароитлар тўғрисида батафсил тўхталдилар.
Таъсис йиғилишида Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгашининг ҳар бир аъзоси зиммасида турган муҳим вазифалар хусусида сўз борди. Жумладан, давлат харидлари, қурилиш, йўл таъмири ва бошқа соҳаларда ташкил этилаётган тендер ҳамда аукцион танловларининг қонунийлиги, шаффоф ва адолатли ўтказилишини ўрганиш, ёш кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда, давлат идоралари, корхона ва муассасаларига ишга қабул қилишда шаффофлик ва соғлом рақобатни шакллантириш каби жиҳатларга эътибор қаратилди. Бу жараёнда оммавий ахборот воситалари ҳам етакчи кучга айланиши, у ёки бу соҳада рўй бериши мумкин бўлган таъмагирлик, порахўрлик ҳолатларига нисбатан муросасиз бўлиш ва бу борада аҳоли орасида ижтимоий фикрни шакллантириш зарурлиги таъкидланди.
Таъсис мажлиси якунида қатор тавсиялар ишлаб чиқилиб, мутасаддилар зиммасига вазифалар юкланди.