Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Тошкент шаҳар Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгашининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Эркин Хамраев, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Тошкент шаҳар Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Йиғилиш аввалида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва улар ижросида ҳудудий кенгашларнинг ўрни тўғрисида маълумот берилди.
Шундан сўнг кенгаш аъзолигига кирган ҳар бир аъзо таништирилди ҳамда улар олдида турган долзарб вазифалар белгиланди.
Жумладан,
- Тошкент шаҳрида коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ва ташкилотлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган қарорлар қабул қилиш;
- Миллий кенгашга қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш;
- Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи Тошкент шаҳридаги маҳаллий давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботлари ва маърузаларини эшитиш;
- Тошкент шаҳрида ёшларда коррупцияга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш мақсадида мактаблар, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш фанларининг ўтилишини ташкил этиш, мавзуга оид туркум семинарлар ташкил этиш;
- Тошкент шаҳрида олий таълим, қурилиш, соғлиқни сақлаш, давлат харидлари йўналишларида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш ва соҳалар қамровини кенгайтириш.
Йиғилиш якунида шу ва бошқа белгиланган вазифаларнинг ижросини самарали таъминлаш бўйича тегишли чораларни амалга оширишга келишиб олинди.