Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий Кенгашининг навбатдаги йиғилишида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларини ташкил этиш ва аъзоларнинг рўйхатини тасдиқлаш ҳамда уларнинг биринчи биринчи мажлисларини ташкил этиш масалалари юзасидан тегишли қарор қабул қилинган эди.
Куни кеча мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилояти Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгашининг таъсис йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тухташева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси Джаҳонгир Ширинов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Собир Шукуров, вилоят Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши аъзолари, маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбир давомида янги ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг асосий фаолият йўналишлари ҳамда вазифалари белгилаб олинди.
Жумладан, Коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва уларнинг ижросида ҳудудий кенгашларнинг ўрни, ҳудудий кенгаш аъзоларининг амалдаги қонунчиликдаги бўшлиқларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар тақдим этиш механизмлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик масалалари борасида фикр алмашилди.