Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги ПФ-6013-сон Фармонида Агентликка фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда ҳудудлар, иқтисодиёт тармоқлари ва бошқа соҳалар кесимида коррупциянинг даражасини баҳоловчи Коррупцияни қабул қилиш миллий индексини тузиш вазифаси юклатилган.
Маълумот учун: Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Агентлик учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси (БМТ ГЖБ) томонидан мустақил халқаро эксперт О. Шиян жалб этилди.
Жорий йилнинг 15 октябрь куни халқаро эксперт томонидан ишлаб чиқилган Коррупцияни қабул қилиш миллий индексини тузиш методологиясини муҳокама қилиш учун онлайн учрашув ташкил этилди.
Учрашув давомида хорижий эксперт чет эл давлатлар тажрибаси мисолида Ўзбекистон учун Коррупцияни қабул қилиш миллий индексини тузишни ташкил этиш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини бериб ўтди.
Шунингдек, учрашувда Коррупцияни ҳис қилиш миллий индексини аниқлаш учун ўтказиладиган сўровномани молиялаштириш, қамраб олинадиган аҳоли қатлами, сўровнома ўтказиш муддати ва сўровнома натижаларининг шакли бўйича ҳам фикр алмашилди.
Онлайн учрашув якунида иштирокчилар келгусида ҳам Коррупцияни қабул қилиш миллий индексини ишлаб чиқиш жараёнларида ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.