Агентлик делегацияси аъзолари Словения парламентига (Миллий мажлис) ташриф буюриб, яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар. Хусусан, Агентлик директори Акмал Бурханов ва Парламентнинг Адлия қўмитаси раиси Блаж Павлин ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Адлия қўмитаси раиси томонидан суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланиши юзасидан масъул органларнинг ҳисоботларини доимий эшитиш амалиёти, шу жумладан, Коррупциянинг олдини олиш комиссияси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан йиллик Миллий маъруза тақдим этилиши тажрибаси йўлга қўйилгани каби қатор масалалар бўйича маълумот берилди.
Ўз навбатида, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов парламент вакилларига Ўзбекистонда сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар билан таништирди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати фаолияти, сўнгги йилларда давлат ва жамият қурилиши тизимида мазкур институтларнинг ролини янада ошириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Агентлик директори Парламентнинг икки палатасида суд - ҳуқуқ масалалари, коррупцияга қарши курашиш ва давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашга қаратилган янги қўмиталарнинг ташкил этилгани ва уларнинг фаолияти билан таништирди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Словения парламентлари ўртасида алоқаларни янада кенгайтириш, коррупцияга қарши курашишга оид қонунчиликни такомиллаштириш, парламент ва жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини татбиқ этиш мақсадида тажриба алмашиш, экспертлик кўмагини кўрсатиш юзасидан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.