Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6257-сонли Фармони билан тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган Давлат дастурига мувофиқ, 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизимини ишга тушириш вазифаси белгиланган.
Бугунги кунда мазкур вазифа ижросини самарали ва ўз вақтида таъминлаш мақсадида Агентлик томонидан бир қатор амалий чоралар, халқаро тажрибани ўрганиш ва уни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Европа Кенгаши томонидан жорий йилнинг 20-21 октябрь кунлари «Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари учун даромадларни ва мол-мулкни электрон декларация қилиш тизимини яратиш ва бошқариш» мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирда Европа Кенгаши вакиллари Е.Дунга, Д.Гроздев, А.Дюбанова, шунингдек Европа Кенгаши томонидан жалб қилинган руминиялик эксперт Силвиу Попа иштирок этди.
Семинар давомида активлар тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиш тизимининг турлари ва уларни бошқаришнинг самарали усуллари, декларацияни тақдим этишнинг асосий босқичлари, шунингдек, активлар декларациясини автоматлаштириш, электрон активлар декларацияси тизимини яратиш ва бошқариш жараёнидаги масъул ходимларнинг асосий вазифаларини белгилаш ва шу каби бошқа масалалар хорижий давлатлар тажрибаси мисолида муҳокама қилинди.
Шунингдек, мутахассислар томонидан декларация топшириш жараёнини рақамлаштириш, тақдим этилган маълумотларни текширувдан ўтказишнинг электрон тизимини яратиш ва бошқариш жараёнлари ҳақидаги маълумотлар Агентлик ходимларининг эътиборини тортди.
Тадбир якунида томонлар ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли жавоблар олдилар ҳамда даромадларни электрон декларация қилиш тизимини жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш бўйича тажриба алмашишни давом эттиришга келишиб олдилар.