Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Kun.uz сайтида 2021 йил
21 октябрь куни эълон қилинган “Навоийда 1 млрд бюджет пулини талон-торож қилган мансабдор ҳоким томонидан мукофотланди” сарлавҳали мақолада келтирилган маълумотлар ўрганилди.
Мақолада фуқаро Ю.Турсунов жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг судининг 04.03.2021 йилдаги ҳукмига кўра жиноий жавобгарликка тортилган бўлсада Навоий шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келганлиги, шу билан бирга Навоий шаҳар ҳокимининг 2021 йил 31 августдаги буйруғига кўра бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилганлиги танқид остига олинган.
Аниқланишича, жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2021 йил 4 мартдаги ҳукмига кўра фуқаро Ю.Турсуновга ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан 1 йил 6 ой мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ҳар ойлик иш ҳақидан 10 фоизини давлат даромадига ундирган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 528-моддасига кўра (Апелляция шикояти ёки протест берилган тақдирда ҳукм, агар у бекор қилинмаган бўлса, иш юқори суд томонидан кўриб чиқилган кунда қонуний кучга киради) суд қарори 2021 йилнинг 18 август, яъни Навоий вилоят суди аппеляция инстанциясининг қарори эълон қилинган кундан кучга кирган.
Мазкур суд қарори ижро учун Навоий шаҳар Ички ишлар бўлими Пробация гуруҳига юборилган.
Навоий шаҳар Ички ишлар бўлими Пробация гуруҳи томонидан Навоий шаҳар ҳокимлигига судланган Ю.Турсуновни Навоий шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимидан озод қилиш ҳақида тақдимнома киритилган.
Шундан сўнг, Навоий шаҳар ҳокимининг 2021 йил 18 октябрдаги буйруғи билан Ю.Турсунов Навоий шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимидан озод қилинган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати