Жорий йилнинг 28 октябрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурханов Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси жаноб Тим Торлотни қабул қилиб, Агентлик ва дипломатик ваколатхона ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашувда, шунингдек Ҳукуматлараро Ҳамкорлик Хизматининг Ўзбекистондаги Лойиҳалар менежери Майкл Галлахер ҳам (онлайн) иштирок этди.
Ҳукуматлараро Ҳамкорлик Хизмати (GPI) – Буюк Британия ҳукуматининг бўлинмаси бўлиб, чет элдаги ҳамкор ҳукуматларга фуқаролар учун яхшироқ давлат хизматларини кўрсатишда кўмак кўрсатувчи ташкилот ҳисобланади.
Учрашув якунида Агентлик, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси ва Ҳукуматлараро Ҳамкорлик Хизмати ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланиб, томонлар келгусида ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан келишувга эришдилар.
Меморандум доирасида давлат органлари ҳисобдорлигини ошириш, очиқлик ва шаффофлигини таъминлаш, давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш ҳамда идора фаолиятида маълумотлар билан ишлаш ва самарали бошқарув каби масалалар бўйича ҳамкорлик қилинади.