Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида коррупция масаласига тўхталиб ўтар экан, сўнгги беш йилда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилганини қайд этди.
Хусусан, Сенат раиси раҳбарлигида Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши ташкил этилгани, шунингдек Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам фаол иш олиб бораётгани таъкидланди.
"Бундан буён ҳам тараққиёт кушандаси бўлган ушбу иллатга барҳам беришга давлат ва жамиятнинг барча куч ва воситаларини сафарбар этамиз.
Бу борада айбдорларни ҳуқуқий жавобгарликка тортиш билан чекланиб қолмасдан, тизимли превентив чораларни кўриш зарур. Шу асосда коррупциянинг нафақат оқибатларини, балки сабабларини олдиндан бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар амалга оширилади",- деди Президент.
Шунингдек, маъруза давомида таъкидландики, коррупция балосига қарши фақат давлат-ҳуқуқий чоралар билангина курашиб бўлмайди, бунинг учун бутун жамиятимизда, аввало, ёшлар онгида бу иллатга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, барча соғлом кучларни бирлаштириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Бу борада халқпарвар давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қабул қилинаётган қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш зарур.
Шунинг учун фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва амал қилиш ҳиссини шакллантириш – боғча ва мактабдан тортиб олийгоҳгача, барча таълим муассасаларининг, ҳар бир оиланинг биринчи навбатдаги вазифаси бўлиши керак, деди янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев.