Аксилкоррупция ҳафталиги доирасида жорий йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Бош прокуратура Академияси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Фарғона водийсида ёш давлат хизматчилари учун “Коррупцияга қарши курашиш ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш” мавзусида туркум тренинглар бошланди.
Мазкур тадбирлар БМТнинг “Фарғона водийси ёшларининг ижтимоий уйғунлиги” қўшма дастури доирасида ташкил этилмоқда. Асосий мақсад коррупцияга қарши курашишда ёшларни ижтимоий сафарбар қилиш, уларнинг айни йўналишдаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, келгусидаги иш фаолиятларини янада такомиллаштиришдан иборат.
Тренингларда 26 та давлат органидан 300 нафар ходим жалб этилган бўлиб, дастлабки семинар Андижон вилоятида бўлиб ўтди. Унда ёшларда коррупцияга қарши муросасиз курашиш маданиятини ривожлантириш, уларнинг жамият ҳаётига даҳлдорлигини янада оширишга қаратилган маърузалар тингланди. Шунингдек, иштирокчиларга давлат хизматида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва коррупцияга қарши курашиш этикаси хусусида атрофлича маълумот берилди.
Бу каби туркум тренинглар Фарғона ва Наманган вилоятларида ҳам ўтказилиши режалаштирилган. Мулоқотларда “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси” ҳамда коррупцияга қарши курашда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга оид интерфаол маърузалар ўқиб эшиттирилади.
Бундан ташқари, тушунтиришлар давомида давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти самарадорлигини таъминлаш, мансабдор шахсларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларини аниқлаш, бундай қонунбузарликлар учун жавобгарлик қатъийлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Туркум тренинглар водий вилоятлари бўйлаб жорий йилнинг 20 ноябрига қадар давом этади.