Хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори бошчилигидаги делегация Европада бўлиб, Австриянинг бир қатор идора ва ташкилотлари билан учрашув ўтказиб келмоқда.
Хусусан, 17 ноябрь куни Агентлик вакиллари ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (БМТ ГЖБ) директор уринбосари Джон Брандалино ўртасида учрашув ташкиллаштирилди.
Мулоқотлар давомида Агентлик ва БМТ ГЖБ ўртасидаги алоқаларининг ҳозирги ҳолати, ҳамкорликда амалга оширилган ишлар тўғрисида фикр алмашилди.
Шундан сўнг, иштирокчилар эътибори БМТ ГЖБ томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар муҳокамасига қаратилди.
Томонлар Агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш, коррупцияга қарши курашиш соҳасида нодавлат нотижорат ташкилотлари билан алоқа механизмларини ривожлантириш, коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг ҳудудий кенгашлари фаолиятини услубий жихатдан куллаб-кувватлаш ва бошқа тадбирларни амалга оширишда ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.
Шунингдек, музокаралар мобайнида бир қатор истиқболдаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари ҳам атрофлича мухокама килинди. Жумладан, БМТ ГЖБ томонидан коррупциянинг гендер ўлчовларини кўриб чиқиш йўналишида ҳамкорлик қилиш таклифи маъқулланди.