2021 йил 17 ноябрь куни Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти рахбарияти билан учрашув бўлиб ўтди. Унда томонлар ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.
Ушбу меморандум орқали ЕХҲТнинг Иқтисодий ва экологик фаолияти бўйича мувофиқлаштирувчи идораси ва Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш ва давлат бошқаруви органлари фаолиятининг шаффофлигини ошириш борасида қўшма тадбирларни амалга оширади.
Маълумот учун: Меморандум ЕХҲТнинг иқтисодий ва экологик фаолият буйича координатори Игли Хасани ва Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов томонидан имзоланди. Меморандум доирасидаги тадбирлар «Рақамлаштириш ва очиқ маълумотлардан фойдаланиш орқали ЕХҲТ минтақасида самарали бошқарув ва ижобий бизнес муҳитини рағбатлантириш» лойиҳаси доирасида амалга оширилади.
Англашув меморандуми ЕХҲТ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга, очиқ маълумотлар ва рақамлаштириш орқали мамлакатда коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган сиёсат ва ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Меморандум очиқ маълумотлар бўйича ўқувларни ташкил этиш ҳамда амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш орқали давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш ва давлат хизматчиларининг салоҳиятини оширишга қаратилган.
Бундан ташқари, учрашувда агентлик директори А.Бурханов хорижлик ҳамкасбларига мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва кейинги йилларда Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида коррупцияга қарши курашишнинг таркибий ва ҳуқуқий механизмлари такомиллаштирилгани ҳақида маълумот берди. Шунингдек, у очиқ ҳукумат маълумотлари бўйича халқаро тамойилларни тадбиқ этиш таклифини қўллаб-қувватлади ва давлат муассасалари ва ташкилотларида шаффофлик ва жавобгарликни ошириш учун очиқ маълумотлар соҳасидаги ташаббусларини кенгайтиришни таклиф қилди.
Элчи Хасани очиқ маълумотлар ва самарали бошқарув бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали ЕХҲТ барқарор институционал салоҳиятни шакллантиришга, минтақамиздаги бизнес ва сармоявий муҳитни яхшилаш учун мавжуд тажриба тармоқларини мустаҳкамлашга ва янги тажриба тармоқларини яратишга ёрдам беришини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш соҳасида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олдилар.