Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори бошчилигидаги делегация Австрияга ташрифи доирасида Халқаро аксилкоррупция академияси (IACA) вакиллари билан учрашди.
Дастлаб Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов мезбонларни сўнгги йилларда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, коррупцияга қарши курашиш соҳасида кечаётган ўзгаришлар билан таништирди.
Ўз ўрнида, IACA раҳбари томонидан Академия фаолияти, ўқув дастурлари, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида ишлаб чиқилаётган лойиҳалар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Халқаро аксилкоррупция академияси ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.
Мазкур Меморандумда ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш ва халқаро тажриба алмашишга йўналтирилган чора-тадбирларни биргаликда амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилган. Томонлар, хусусан, коррупцияга қарши курашиш соҳасида салоҳиятни ошириш дастурларини қўллаб-қувватлаш, қўшма лойиҳаларни ишга тушириш, қолаверса, Агентлик ходимлари малакасини ошириш мақсадида Академиянинг ўқув курслари ва ёзги мактабларига юбориш, шунингдек, Ўзбекистонни IACA аъзолигига қўшилиш масаласини кўриб чиқишга келишиб олдилар.