Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Европада бўйлаб ўтаётган хизмат сафари давомида Франциянинг бир қатор давлат идоралари ва ташкилотлари вакиллари билан учрашди.
Жумладан, 19 ноябрь куни делегация Шаффофлик бўйича Франция Олий Кенгаши раҳбари ўринбосари Мишель Сманиотто билан мулоқот қилди.
Учрашув давомида Кенгаш томонидан манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш ва олдини олишда, хусусан, юқори бўғин лавозимларини эгаллаб турган шахсларнинг фаолияти давомидаги ўзгаришларни кузатиб боришда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилди.
Шунингдек, давлат мансабдор шахсларининг ҳалоллигини таъминлаш, мол-мулки ва даромадларини декларациялаш, лобби фаолиятини тартибга солиш бўйича мазкур тузилманинг фаолияти ва тажрибаси ўрганилди. Томонлар бу борада масъул органларнинг ваколатлари, тизимни жорий этишнинг ҳуқуқий асослари ва босқичлари, декларация тўғрисида маълумотларни тақдим этиш, уларни оммага ошкор қилиш шартлари каби масалаларни муҳокама этишди.
Мулоқот якунида келгусида ушбу йуналишда ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.