9 декабрь – “Коррупцияга қарши кураш куни” муносабати билан ўтказилаётган “Аксилкоррупция ҳафталиги” доирасида ташкилотчилар ва ҳамкорлар томонидан туркум халқаро семинарлар, мунозаралар, конференциялар ташкил этилиши давом этмоқда. Бундай тадбирлар давлат ташкилотлари масъуллари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, хорижий экспертлар билан бир қаторда ёшларни ҳам қамраб олаётгани эътиборлидир.
Жумладан, 2020 йилда бошланган ташаббусга кўра, жорий йилда ҳам республиканинг барча ҳудудларидаги умумтаълим мактабларида ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган махсус дарслар йўлга қўйилмоқда. Бундай ноанъанавий машғулотлар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (ГЖБ)нинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этиляпти.
Коррупция мавзусига бағишланган дарсларни мазмунан бойитиш, сифат ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида шу йил 19 ноябрда Коррупцияга қарши курашиш дарсларини ташкил этувчи умумтаълим мактаблари вакиллари учун пойтахтимизда минтақавий тренинг ўтказилди. Онлайн ва оффлайн шаклда бўлиб ўтган мазкур тадбирда Фарғона, Наманган, Андижон, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри умумтаълим мактаблари масъул вакиллари учун намунали дарслар уюштирилди.
Тренингларда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Халқ таълим вазирлиги, Агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вакиллари ҳамда БМТнинг ГЖБ экспертлари иштирок этди.
Тренерлар ўқувчи билан очиқ ва дўстона муносабат ўрнатиш, дарсларда ҳалолликни тарғиб қилиш, ўзгалар ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, қонун-қоидаларга риоя этиш, коррупция иллатининг салбий оқибатлари мавзуларида маълумот бериш шакллари хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, дарсларни интерактив тарзда ташкил этиш, видеоматериаллар, “Ҳалоллик ўйинлари” каби воситалардан фойдаланиш ҳамда мавзу юзасидан ўқувчиларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглаш, муносабатларини ўрганиш юзасидан зарур тавсиялар берди.
Тадбирнинг ҳар бир иштирокчиси эндиликда ўз таълим муассасида ўқитувчилар учун махсус тренинглар, ўқувчилар учун эса очиқ дарслар ўтади.
Мазкур минтақавий тренингларнинг навбатдагиси қолган ҳудудлар вакиллари иштирокида Сурхондарё ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилиши кўзда тутилган. Шу орқали ноябрь-декабрь ойлари мобайнида республиканинг барча умумтаълим муассасаларида коррупциянинг олдини олиш бўйича тренинглар ва “Ҳалоллик дарслари”ни ташкил этиш белгиланган.