Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан шу йил 1 октябрдан бошлаб, барча давлат органлари ва ташкилотларида, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига мазкур тузилмаларни жорий этиш ва самарали фаолият юритишини ташкиллаштириш вазифаси юклатилган эди.
Шунга асосан, жорий йилнинг 23--25 ноябрь кунлари Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида 214 та давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ходимлари учун “Коррупцияга қарши ички назорат (“комплаенс-назорат”) тизимини жорий этиш” мавзусида семинар ташкил этилди.
Унда иштирокчиларга ташкилотда коррупцияга қарши сиёсатни йўлга қўйиш, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш, манфаатлар тўқнашувини бошқариш, ходимлар малакасини ошириш, коррупциявий хабарларни текшириш каби муҳим йўналишларда кўргазмали тақдимот шаклида маълумот берилди.
Таъкидланишича, коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ходимларига қўшимча вазифа ва функцияларнинг юклатилишига йўл қўйилмайди. Яъни, ушбу тузилмани турли тадбирларга жалб қилиш, вазифасига кирмаган мажбуриятларни унинг зиммасига юклаш қаътиян тақиқланади. Ушбу талабнинг давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари томонидан бажарилишини Агентлик қаътий назорат қилиб боради.
Семинар давомида коррупцияга қарши ички идоравий ҳужжатларни амалиётга татбиқ этишнинг айрим масалалари — коррупцияга қарши тадбирлар мониторинги, ҳисоботларни юритиш, номзодларни ишга қабул қилиш, ўқитиш, контрагентларни текшириш юзасидан ҳам кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, иштирокчиларга Агентлик томонидан коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс) тизимини жорий этиш бўйича тайёрланган қўлланма тарқатилди. Ушбу қўлланмадан коррупцияга қарши “комплаенс-назорат” тизимининг ривожланиш тарихи, вазифалари, ушбу тузилмада ишлаётган ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари каби муҳим маълумотлар ўрин олган.