Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Кадастр агентлиги ҳамкорлигида айни шу мавзуга бағишланган видеоселектор йиғилиши ташкил этилди.
“Аксилкоррупция ҳафталиги” доирасида ўтказилган мазкур тадбирда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари — аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Шунингдек, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган давлат дастурлари ва уларнинг ижроси хусусида сўз юритилди. Бу борада Агентлик томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар, замонавий ёндашув ва самарали усулларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Иштирокчилар коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш ва олдини олиш, уларнинг оқибатлари, имкон берувчи сабаблари муҳокамаси жараёнида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, коррупцияга қарши кураш мақсадларига фақат жиноят-ҳуқуқий воситалар билан эришиб бўлмаслиги қайд этилиб, бундай иллатнинг олдини олиш ва уни бартараф этишда нафақат давлат органлари, балки жамиятнинг барча аъзолари, хусусан, фуқароларнинг биргаликдаги саъй- ҳаракати энг мақбул ва самарали натижа бериши алоҳида қайд этилди.