“Аксилкоррупция ҳафталиги” доирасида “Коррупция - ривожланишимизга тўсиқ!” мавзусида “Ўзтрансгаз” АЖда семинар ташкил этилди.
Таъкидландики, коррупцияга қарши курашишда манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ҳамда уларга чек қўйиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш муҳим профилактик чоралар ҳисобланади. Шу маънода, "комплаенс-назорат" коррупциянинг оқибатлари билан эмас, балки уни келтириб чиқараётган сабабларни аниқлаш ва бартараф этишга хизмат қилиши билан алоҳида аҳамиятлидир.
Комплаенс назорат тизимининг ана шундай самарали ва таъсирчан жиҳатларидан келиб чиқиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2020 йилдан бошлаб, барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, жумладан, банкларда коррупцияга қарши ички идоравий назорат тизимларини босқичма-босқич жорий этиб келмоқда.
Тадбирда Агентлик ходимлари томонидан ушбу тузилманинг фаолияти ҳамда вазифалари, мажбуриятлари ва ваколатлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, комплаенс хизматида фаолият юритувчи кадрлар масаласига тўхталиб, улар зиммасидаги масъулият, хусусан, ташкилотда коррупцияга қарши курашиш сиёсати, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш, манфаатлар тўқнашувини бошқариш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар беришдаги тартиб ва талабларга эътибор қаратилди.
Семинарда комплаенс назорат тизими давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳисобдорлиги, фаолиятининг шаффофлигини таъминлашда, шунингдек ходимлар томонидан касбий одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этилиши билан боғлиқ жараёнларда ижобий натижалар бериши қайд этилди.
Иштирокчилар коррупцияга қарши курашиш соҳасида умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва хорижнинг илғор тажрибаси юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашишди.