Жорий йил 26 ноябрь куни Давлат солиқ қўмитаси Фискал институти ҳузуридаги Тошкент солиқ техникумида Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан “Коррупция - ривожланишимизга тўсиқ!” шиори остида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.
9 декабрь – "Халқаро коррупцияга қарши курашиш” кунига бағишланган “Аксилкоррупция ҳафталиги” доирасида ўтказилган мазкур тадбирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси ва Тошкент шаҳар прокуратураси масъул ходимлари, техникум профессор-ўқитувчилари, тингловчилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг коррупция ҳақидаги билимларини мустаҳкамлаш, коррупциоген ҳуқуқбузарликлар юзасидан хабардорлигини ошириш, ушбу иллатга қарши курашишда фаоллигини кучайтиришдан иборат.
Айни мақсадда Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси томонидан ёш иштирокчилар учун коррупциянинг нечоғли хавфли иллат эканига оид қатор баннерлар тайёрланди. Шунингдек, “Коррупция жамиятни емиради”, “Коррупция ‒ салбий иллат”, “Пора ‒ энг ёмон чора” каби мавзуларда роликлар намойиши бўлиб ўтди.
Мутахассислар томонидан коррупцион ҳолатларнинг салбий оқибатлари ҳақида билдирилган фикр ва мулоҳазалар ёшларнинг ушбу ижтимоий иллат юзасидан қарашларини зарур тушунча ва кўникмалар билан янада бойитди.