“Аксилкоррупция ҳафталиги” доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказиб келинаётган давра суҳбатларининг навбатдагиси жорий йил 29-30 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва вилоятида ташкил этилди.
“Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ!” мавзусида ўтказилган мазкур тадбирларда Агентлик мутахассислари, вазирликнинг таркибий ва ҳудудий тузилмаларидаги масъул ходимлар иштирок этди.
Мулоқотлар давомида мамлакатимиз коррупцияга қарши курашиш сиёсатининг устувор йўналишлари, коррупциявий хатти-ҳаракатларнинг сабаб ва оқибатлари, коррупциявий хавф-хатарлар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган превентив чора-тадбирлар хусусида сўз юритилди.
Бу борада, айниқса, коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари (“комплаенс-назорат”) билан боғлиқ ташкилий-амалий ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг таркибий ва ҳудудий тузилмаларида ушбу янги тизимни тўғри йўлга қўйиш ва самарали фаолият юритишига кўмаклашиш юзасидан зарур кўрсатмалар берилди.
Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш сиёсатини ишлаб чиқиш, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва бартараф этиш чоралари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Шунингдек, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, ходимларни ишга қабул қилиш ва ўқитиш, хизмат текширувларини ўтказиш ва коррупцияга оид чора-тадбирларни назорат ва мониторинг қилиш тартибини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.
Давра суҳбатларида бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат харидларининг амалга оширилиши, номзод(ходим)ларни ишга танлаш, тайинлаш ва рағбатлантириш жараёнларидаги коррупция ҳолатларининг олдини олиш, ҳуқубузарликларни ўз вақтида аниқлаш борасида Агентлик томонидан олиб борилаётган ишлар, уларнинг ижобий натижалари хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.