Жорий йилнинг 27 ноябр куни Мактабгача таълим вазирлигида 9 декабрь – “Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни”га бағишланган “Аксилкоррупция ҳафталиги” доирасида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.
Унда вазирлик раҳбарияти, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг масъул ходимлари, журналист ва блогерлар иштирок этди.
Тадбир давомида Агентлик ва вазирлик ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик Меморандуми доирасида тасдиқланган Мактабгача таълим тизимида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шароитларини бартараф этиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастурининг амалга оширилиши бўйича батафсил маълумот берилди.
Мазкур дастурга кўра, вазирлик марказий аппаратида алоҳида штат бирликлари доирасида “Коррупцияга қарши курашиш комплаенс назоратини амалга ошириш бўлими” ташкил этилганлиги қайд этилди ва ушбу бўлим томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтилди.
Таъкидландики, вазирлик тизимида ишга қабул қилиш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши, давлат харидларини амалга ошириш каби жараёнларда коррупциявий хавф-хатарлар даражаси юқорилигича қолмоқда. Бу масаланинг сабаб ва омиллари, уларни бартараф этиш чоралари, таклиф этилаётган ечимлар юзасидан журналистларнинг саволларига вазирлик масъуллари томонидан жавоб қайтарилди.
Тадбирда вазирлик тизимида коррупцияга қарши курашишни янада такомиллаштиришда долзарблик касб этаётган вазифа ва мақсадлар, истиқболдаги режалар борасида ҳам ўзаро фикр алмашилди.