Жорий йил 1 декабрь куни болаларни мактабга қабул қилиш босқичида коррупциявий хавф-хатарларни ўрганиш бўйича тадқиқот натижаларининг жамоатчилик муҳокамаси ташкил этилди.
Мазкур тадқиқот “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти (Словения) ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда биринчи антикоррупция лабораторияларини яратиш” лойиҳаси доирасида ўтказилди.
Лойиҳа экспертлик лабораторияларини ташкил этиш ва республика миқёсида коррупциявий хавф-хатарларни ўрганиш, тадқиқотларга кенг жамоатчиликни жалб этиш мақсадида 2020 йил декабрь ойида ишга туширилган.
Тадқиқотнинг биринчи босқичи сўровнома ва интервью шаклида ўтказилди. Унда асосий эътибор болаларни бошланғич мактабга қабул қилишда коррупция хавфи ва ҳалолликни баҳолашга қаратилди.
Тадқиқот Ўзбекистондаги 114 та мактабдаги бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналари, бошланғич синф ўқитувчилари ва мактаб директорларини қамраб олди. Хусусан, апрель ойида Тошкент шаҳридаги иккита мактабда уч тоифа респондентлар ўртасида сўровлар ташкил этилди. Май – июнь ойларида эса 14 та вилоятдаги 114 та мактабда кенгайтирилган сўровлар ўтказилди. Шундан 28 таси шаҳар, 31 таси туман маркази, 31 таси қишлоқ аҳоли пунктидан иборат.
Сўровномада жами 4 920 нафар респондент, шу жумладан, 114 нафар мактаб директори, 1 563 нафар бошланғич синф ўқитувчиси, 3 243 нафар ота-она иштирок этди. Тўпланган барча маълумотлар тизимлаштирилди ва таҳлил қилинди.
Жамоатчилик муҳокамаси давомида коррупцияга қарши курашиш соҳасида фаолият олиб борувчи давлат органлари, миллий ва хорижий экспертлар, халқ таълими вакиллари иштирокида таҳлилий тадқиқотнинг асосий натижалари маълум қилинди. Унга кўра, уч тоифа респондентлар – бошланғич синф ўқитувчилари, бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналари ва директорлар, умуман, мактабга қабул жараёнида бевосита қатнашувчилар орасида касбий этикага зид, шунингдек, коррупциявий хатти-ҳаракат омиллари ва қатор фактлар аниқланган.
Таъкидланишича, сўровнома иштирокчиларининг жавоблари асосида коррупциявий хавфлар ёки ноҳалоллик омиллари бўлган умумий тенденциялар аниқлаб олинди. Бу тенденциялар бошланғич мактабга қабул жараёни ва таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиши қайд этилди. Улар асосан, микроҳудудларнинг квота тизими, мактаб биносининг етишмаслиги (синфларда ўқувчилари сони меъёридан ошиб кетиши), 1-синфга қабул қилишда таълим тили бўйича аниқ талаблар йўқлиги, таълим сифати пастлиги каби муаммолар билан боғлиқ.
Маълумот қилинишича, сўровда қатнашган ҳар бешинчи ота-она мактабда жой қолмагани учун ўзи яшайдиган микроҳудуд квотаси бўйича фарзандини жойлаштира олмаган. Ўқитувчилар томонидан синфларда ўқувчилар сонининг меъёридан ошиб кетиши ҳолати бўйича энг кўп эътироз Наманган вилоятидан (52 фоиз), Андижон вилоятидан (37,5 фоиз), Тошкент вилоятидан (29 фоиз), Хоразм вилоятидан (26 фоиз) билдирилган.
Муаммоларнинг аксарияти бюджет маблағларининг етарли эмаслигига бориб тақалмоқда, бу, ўз навбатида, ота-оналар томонидан норасмий тўловларни амалга оширишига, ўқитувчилар ва директорларнинг этикага зид ҳаракат қилишларига сабаб бўлмоқда. Яна бир тенденция мактаб таъминоти, унинг инфратузилмаси, мактаб ходимларининг ойлик маоши камлиги, малакали кадрлар етишмаслиги, болалар мактабга қабул қилинаётганда психологик жиҳатдан тайёр эмаслиги, шунингдек, ота-оналар, юқори турувчи ташкилотлар томонидан ўқитувчи ёки директорга таъсир ва босим ўтказиш масалаларини қамраб олади.
Муҳокама жараёнида бундай ҳолатларнинг сабаблари очиқланди, хулоса ва тавсиялар тақдим этилди. Ўрганишлар натижалари бўйича лойиҳага жалб этилган экспертлар, таълим соҳаси мутахассислари, фуқаролик жамияти вакиллари, журналистлар фикр билдирди. Иштирокчилар таҳлил қилинган маълумотларни муҳокама қилиш билан бирга, ишлаб чиқилаётган методологияни такомиллаштиришга оид таклиф ва тавсиялари, халқаро тажрибаси билан ҳам ўртоқлашди.
Ишлаб чиқилган тавсиялар ҳамда тадқиқот методологияси Халқ таълими вазирлиги ва Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига кўриб чиқиш учун киритилади.