“Антикоррупция ҳафталиги” доирасида Сув хўжалиги вазирлигида “Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ!” мавзусида тадбир ташкил этилди. Унда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Тошкент шаҳар прокуратураси ҳамда Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этди.
Таъкидландики, тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфли. Шу боис мамлакатимизда мазкур иллатга қарши кескин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда. Хусусан, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб, барча давлат органлари ва ташкилотлари коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилди.
Тадбирда ушбу янги тузилманинг коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик каби муҳим чоралар кўришга масъуллиги хусусида тўхталиб ўтилди.
Қайд этилганидек, коррупцияни фақат давлат томонидан амалга ошилариладиган ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар билан енгиб бўлмайди, бу борадаги саъй-ҳаракатларда ҳар бир фуқаронинг ҳам фаол иштироки зарур. Мулоқотлар давомида айни жиҳатга алоҳида эътибор қаратилиб, фуқаролик позицияси ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришнинг зарурати юзасидан ўзаро фикр алмашилди.