Куни кеча 1 декабрда бўлиб ўтган “Ёшлар пресс клуби”нинг навбатдаги сони “Коррупция-тараққиётимиз душмани” мавзусига бағишланди.
Унда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари, шунингдек, “Ёшлар парламенти” аъзолари ёшларнинг коррупция ҳақидаги тушунча ва тасаввурлари, айни мавзуда уларни қизиқтираётган саволлар, ўйлантираётган муаммолар билан ўртоқлашди.
Бу Агентлик томонидан “Аксилкоррупция ҳафталиги” доирасида коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва талаба-ёшлар ўртасида ташкил этилаётган тадбирлардан биридир.
Мулоқотда журналист ва блогерлар, шунингдек, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда бошқа ОТМ талабалари иштирок этди.
Дастлаб спикерлар томонидан коррупция ва унга қарши курашиш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва аҳамияти, ушбу иллатга нисбатан тоқатсизликнинг долзарблиги юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ёшлар ўртасида коррупция мавзуси бўйича ўтказилган сўровга оид видеоролик намойиши тадбирнинг муҳим жараёнларидан бири бўлди. Ушбу сўров коррупция, энг коррупциялашган соҳалар ҳамда коррупцияга қарши курашувчи масъул давлат органлари тўғрисидаги саволларни ўз ичига олди.
Айниқса, коррупциявий жиноят содир этганлиги учун жазо муддатини ўтаётган маҳбусларнинг пушаймонлиги акс этган лавҳалар ёш иштирокчиларни таъсирлантирди ва уларнинг касбий фаолиятида ҳалол ишлашга ва тўғри хулоса чиқаришга чақирди.
Мутасаддилар ёшларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, улар ўртасида ҳуқуқий-тарғиботни кучайтириш бўйича келгусида қандай аниқ чоралар, манзилли дастурлар, замонавий механизмлардан фойдаланилиши хусусида журналист, блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди. Айни йўналишда ёшлар томонидан ҳам бир қатор ғоя ва таклифлар илгари сурилди.