Бугун Халқаро пресс-клубнинг "Ўзбекистонда аксилкоррупциявий ислоҳотлар, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги режалар" мавзусидаги навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Унда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ички Ишлар вазирлиги, Бош прокуратура Академияси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг раҳбар вакиллари соҳада амалга оширилган ишлар юзасидан жамоатчиликка маълумот берди.
Жумладан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов коррупцияга қарши курашиш масаласи бугун янги Ўзбекистон учун нечоғли долзарблиги ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланиши, турли талон-тарожликка йўл қўйилишининг олди олинмоқда.
Масалан, барча давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар эндиликда d.xarid.uz сайтига жойлаштирилмоқда. Очиқ маълумотлар портали (data.gov.uz), юридик шахслар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳисобга қўйилган маълумотлари базаси (my.gov.uz) ва бошқа платформалар бугунги кунда коррупциянинг олдини олишда, хусусан, самарали инструментлар бўлган очиқлик ва шаффофлик ҳамда жамоатчилик назорати тамойилларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган қоидаларни бекор қилиш мақсадида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тубдан такомиллаштирилди.
Хусусан, амалда бўлган лицензиялар ва рухсат бериш ҳужжатлари 30 фоизгача қисқартирилиб, 49 та лицензия, 120 та рухсат бериш ҳужжати ҳамда 33 та хабарноманинг якуний рўйхатлари тасдиқланди.
Натижада дунё мамлакатларидаги коррупциявий ҳолатларни баҳолаб борувчи “Transparency International” халқаро ташкилотининг “Коррупцияни қабул қилиш индекси” рейтингида Ўзбекистон 2020 йил якунларига кўра 146-ўринни банд этиб, 2019 йилга нисбатан 7 поғонага юқорилади ва бу билан мамлакатимиз сўнгги 5 йилда ўз кўрсаткичларини ижобий томонга ўзгартираётган кам сонли давлатлар қаторига кирди.
Тадбирда, шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Коррупцияга қарши кураш тармоғининг Истанбул ҳаракатлар режаси 4-раунд мониторинги натижаларига кўра, Ўзбекистон ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича берган тавсиялари бўйича барча йўналишларда ўсишга эришилгани қайд этилди.
Мазкур йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш, бу борадаги халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши назоратга олинган.
Бугунги кунда мазкур соҳада бир қатор халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТнинг Тараққиёт дастури, БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, ЮНИСЕФ, “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти, шунингдек, Конрад Аденауэр номидаги жамғарма каби ташкилотлар билан республикамизда коррупцияга қарши курашиш ислоҳотларини илғор тажриба асосида амалга ошириш ва халқаро стандартларни амалиётга жорий этиш мақсадида яқиндан ҳамкорлик қилиб келинмоқда.
Шунингдек, Агентлик Сингапур, Малайзия, Словения, Гонконг, Корея, Украина, Қозоғистон, Франция, Австрия, Германия, Хитой, Болгария, Озарбайжон ва бошқа давлатларнинг коррупцияга қарши курашиш идоралари билан мустаҳкам алоқа ўрнатган.
Сессияда Агентлик фаолиятига доир масалалар юзасидан саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.