Жорий йилнинг 3 декабрь куни пойтахтимиздаги "Hillton" меҳмонхонасида “Коррупцияга қарши курашиш ва очиқлик бўйича Тошкент форуми” бўлиб ўтди.
“Аксилкоррупция ҳафталиги” доирасида ўтказилган мазкур тадбир Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда халқаро ташкилотлар БМТ Тараққиёт дастури, БМТ ГЖБ, ЕХҲТ, ИҲТТ ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Украина, Озарбайжон, Қозоғистон, Малайзия, Хитой, Грузия, Словения каби мамлакатларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралари раҳбарлари, шунингдек, хорижий экспертлар, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар, 100 дан ортиқ вазирлик ҳамда идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мулоқотларда асосий мақсад коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш, бу борада илғор механизмларни жорий этиш бўйича миллий ва халқаро тажриба билан яқиндан танишиш, давлат хизматининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, қолаверса, соҳадаги ҳуқуқий ва институционал базани янада такомиллаштириш масалаларининг муҳокамасига қаратилди.
Форум доирасида турли мамлакатлар мисолида коррупцияга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чораларнинг моҳияти ва хусусиятлари хусусида сўз юритилди. Хусусан, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола этилди. Бир сўз билан айтганда, ушбу тадбир коррупцияга қарши курашиш соҳасида миллий ва хорижий экспертлар, давлат тадбир органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг ўзаро фикр алмашиши учун ўзига хос платформага айланди.
Форум ўз ишини 4 та муҳим сессияда онлайн ва оффлайн шаклда олиб борди. Яъни:
- “Мамлакатда коррупцияга қарши сиёсатни шакллантириш ва унинг шаклланишида жамоатчиликнинг иштироки”;
- “Очиқлик ва шаффофлик коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида”;
- “Коррупцияни бартараф этиш бўйича самарали механизм ва чора-тадбирлар”;
-“Коррупцияга қарши курашишда халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти” мавзуларида муҳокамалар ўтказилди.
Жумладан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, уларнинг ҳисобдорлигини ошириш масалалари ўрганилди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда давлат органининг ўзаро ҳамкорлигида ишлаб чиқилиб, амалга оширилган “Антикоррупция лабораториялари” лойиҳаси доирасидаги ишлар амалий намуна сифатида тақдим этилди.
Бундан ташқари, давлат бошқарувида коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар, жумладан, “комплаенс-назорат” тизимини жорий этиш механизмлари, манфаатлар тўқнашувини декларациялаш ва тартибга солиш усуллари таҳлил этилди.
Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишда фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларини жалб қилиш амалиёти, коррупциянинг олдини олишда тадқиқот натижаларидан фойдаланишнинг турли ёндашувлари ва амалиёти юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Иштирокчилар томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг ўзига хос жиҳатлари, унинг истиқболлари, соҳанинг ҳуқуқий ва институционал асосларини такомиллаштириш, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш оид ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида “Uzbekistan Anti-corruption digest” журналининг илк сони тақдимоти бўлиб ўтди.Айтиш жоиз, мазкур нашр орқали мамлакатимизда кечаётган аксилкоррупциявий ислоҳотлар жараёнини халқаро ҳамжамият вакилларига етказиш мақсад қилинган.
Форум якунида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга доир самарали сиёсатни ишлаб чиқиш, айни йўналишдаги чора-тадбирлар натижадорлигини баҳолаш ва сифатини ошириш бўйича таклиф- тавсиялар тайёрланди.