Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йилнинг 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали ижро этилиши устидан доимий мониторинг ўтказиб борилмоқда.
Хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ва мунтазам мониторинг қилиш, шу жумладан, уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган маълумотларини Интернет тармоғига жойлаштириш бўйича мажбуриятлари ҳисоби юритилмоқда.
Фармонда 2021 йилнинг 1 декабридан бошлаб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессияларини телеканаллар, шунингдек, Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилишини таъминлаш белгиланган.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 3 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси “Uzreport TV” телеканали ҳамда “Youtube” тармоғи орқали жонли эфирда трансляция қилинди.
Ялпи мажлисда депутатлар томонидан бир қатор қонун лойиҳалари қаторида коррупциявий жиноятлар учун жавобгарлик чораларини кучайтиришга оид қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
Эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг мазкур ойда бўлиб ўтадиган навбатдаги сессиялари ҳам маҳаллий телеканаллар ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали онлайн трансляция қилиниши кўзда тутилган.