Коррупция миллий хавфсизлик ва тараққиётга таҳдид экани ҳар қайси даврда ўз исботини топган. Шу боис унга қарши кураш азалий ва давомийдир. Хусусан, мамлакатимизда бу борадаги саъй-ҳаракатлар қатъий, ортга қайтмас тус олган.
Жорий йилнинг 29 ноябрь куни Коррупцияга қарши кураш агентлиги ва “Ўзагролизинг” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида “Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ!” мавзусида ташкил этилган тадбирда шу ҳақда сўз борди.
“Аксилкоррупция ҳафталиги” доирасида ўтказилган мазкур тадбирда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришнинг муҳим чора-тадбирлари юзасидан мулоқот қилинди. Бу борада умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва хорижнинг илғор тажрибаси хусусида фикр-мулоҳазалар ҳам билдирилди.
Шунингдек, коррупциянинг сабаблар ва оқибатларини бартараф этиш мақсадида Агентлик томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар, замонавий ёндашув ва самарали механизмлар хусусида тўхталиб ўтилди.
Ўз навбатида, Акциядорлик жамияти ўз тизимида коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширишда Агентлик билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашнинг зарурати ва аҳамияти масаларига эътибор қаратилди.