“Антикоррупцион ҳафталиги” доирасидаги “Очиқ эшиклар куни” тадбири жорий йил 1 декабрь куни Давлат экология қўмитасида ҳам бўлиб ўтди.
Унда коррупцияга қарши курашишда энг таъсир чора сифатида фаолиятни рақамлаштириш ва электрон давлат хизматларини кўрсатиш орқали инсон омилини камайтириш, шаффофликка эришиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Бу борада, хусусан, мамлкатимиз Президентининг 2021 йил 16 июндаги «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Фармонида белгиланган устувор вазифалар ва уларнинг ижроси юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Маълум қилинишича, Очиқ маълумотлар портали – https://data.gov.uz ҳамда қўмитанинг расмий веб-сайтида ҳар чорак якуни бўйича 24 хилдаги очиқ маълумотлар тақдим этиб келинмоқда. Булар қўмита фаолиятига оид ҳисобот, давлат харидлари, мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари, бюджет сарфи ва бошқа бир қатор муҳим маълумотларни ўз ичига олади.
Қайд этилганидек, қўмитага ишга қабул жараёни очиқлик ва ошкоралик тамойилларига асосланган ҳолда кечмоқда. 2021 йил 30 ноябрь ҳолатига қўмита ва унинг таркибий, ҳудудий ташкилотларида жами 11 347 та штат бирлиги бўйича ходим мавжуд бўлиб, улардан 32 фоизи бошқарув, 68 фоизи техник ва хизмат кўрсатиш тизимига тўғри келади. Соҳалар кесимида таҳлилига кўра, ходимларнинг 32 фоизи экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, 6 фоизи геолог, 5 фоизи ўрмон хўжалиги, 5 фоизи биолог, 4 фоизи зоотехник, 4 фоизи ўсимликларни ҳимоя қилиш, 3 фоизи сув хўжалиги, 3 фоизи кимё технолог, 17 фоизи иқтисодчи ва ҳуқуқшунослик, 1 фоизи ахборот технологиялари, журналистика йўналишидаги мутахассислардир.
Қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмаларидаги бўш (вакант) иш ўринларига номзодлар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда очиқ мустақил танлов асосида ишга қабул қилинмоқда. Бу амалиёт соҳага иқтидорли ва малакали мутахассисларни танлаб олишда енгилликлар бермоқда, “таниш-билишчилик”, маҳаллийчилик каби салбий ҳолатлар барҳам топмоқда. Ҳозирги вақтда қўмита тизимида жами 41 та вакант ўрни мавжуд.
“Очиқ эшиклар куни”да давлат бюджети, бюджетдан ташқари маблағлар, юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушаётган мурожаатлар бўйича маълумот бериб ўтилди.