Жорий йил 6 декабрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан журналист ва блогерлар учун “Коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик билан ишлашнинг роли” мавзусида махсус тренинг ташкил этилди. Унда Агентлик раҳбарияти, шунингдек, БМТ Тараққиёт дастурининг коррупцияга қарши курашиш бўйича масъул мутахассислари, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раҳбарияти оммавий ахборот воситалари вакиллари билан соҳадаги бир қатор муҳим йўналишлар юзасидан очиқ мулоқот қилди.
Жумладан, коррупцияга оид хабарларни ёритишда ОАВ позицияси, коррупциявий ҳолатларни аниқлашда журналистик суриштирувнинг ўрни, ОАВ ва интернет орқали коррупциянинг олдини олиш ва ҳалолликни шакллантиришда ўзига хос механизмлар, ахборотдан эркин фойдаланиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг қонунчилик асослари каби масалалар тренинг ишининг асосий мавзулари бўлди.
Мулоқотлар давомида коррупцияга қарши курашишда оммавий ахборот воситалари жамоатчилик назоратини амалга оширувчи муҳим институт сифатида самарали кучга эга эканлиги таъкидланди.
Жамиятда ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупциоген ҳолатларни фош этишда журналист ва блогерлар томонидан жамоатчиликка етказиладиган маълумотларнинг аниқ ва батафсиллиги, холислиги катта аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди. Бу борада коррупцияга оид материаллар тайёрлашда маълумотлар тўплаш, улардан фойдаланиш, таҳлил қилиш ва жамоатчиликка тақдим этишда қонунчилик талаблари, шунингдек, касб этикасига риоя этиш масалалари кўриб чиқилди.
Тренингда Агентлик ва оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлик механизмларини кучайтириш чоралари ҳам муҳокама этилди. Мазкур масалада иштирокчилар томонидан бир неча таклифлар илгари сурилди. Унга кўра, бу каби тренингларни кўпроқ амалий фаолият билан боғлиқ машғулотлар орқали мунтазам ташкил этиш, айни йўналишга қизиқувчи журналист ва блогерлар доирасини кенгайтириш, улар билан доимий мулоқотлар ўтказишга келишиб олинди.
Шунингдек, Агентлик масъуллари келгусида коррупцияга оид материаллар тайёрлашда журналист ва блогерлар дуч келаётган тўсиқлар, уларни қизиқтираётган масалалар ҳамда мавжуд муаммоларни ҳамкорликда ҳал этишнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилишини маълум қилди.