Бош прокуратура Академияси томонидан Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти кўмагида ИҲТТнинг Ўзбекистон учун коррупцияга қарши курашиш лойиҳаси доирасида “Коррупцияга оид жиноятларни тергов қилиш” мавзусидаги ўқув курси ишлаб чиқилди ва амалга оширилди.
Ўқув курси “Коррупция учун жиноий жавобгарлик” ва “Коррупцияга оид жиноятларни аниқлаш ва тергов қилиш” номли масофавий ва анъанавий шаклдаги иккита ўқув модулини ўз ичига олди.
Ўқув курсининг масофавий қисмида прокуратура органлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг коррупциявий схемаларни фош қилиш ва тергов қилишга масъул бўлган терговчилари, ходимлари коррупцияга оид жиноятларни аниқлаш ва тергов қилиш, жиноий активларни қидириш, хатлаш ва мусодара қилиш, идоралараро ва халқаро ҳамкорлик воситаларидан фойдаланиш каби назарий масалалар билан танишиб чиқди.
Жорий йилнинг 29 ноябридан 3 декабрига қадар Бош прокуратура Академиясида ИҲТТнинг Коррупцияга қарши курашиш тармоғи экспертлари ва миллий тренерлар иштирокида курснинг тренинг қисми ташкил этилди. Унда иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда коррупция билан боғлиқ гипотетик жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини ўтказишди.
Амалий топшириқларни бажариш, мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш, симуляциявий иш бўйича оралиқ ва якуний қарорларнинг тақдимотини ўтказиш иштирокчиларнинг тегишли амалий кўникмаларини яхшилашга имкон берди.
Ўқув тадбири якунида тест синовларидан муваффақиятли ўтган иштирокчиларга сертификатлар топширилди.