“Антикоррупцион ҳафталиги” доирасида жорий йилнинг 1 декабрь куни Халқ таълими вазирлигида “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирда вазирлик раҳбарияти, мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбир вазирлик фаолиятининг кенг жамоатчилик учун очиқлигини таъминлаш ҳамда журналист, блогерларни коррупцияга қарши курашиш бўйича тизимда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилди.
Таъкидландики, халқ таълими соҳасида коррупцияга оид қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш ва бартараф этиш йўналишида вазирлик томонидан бир қатор ташкилий ва амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, вазирликнинг Назорат-ҳуқуқий хизмати негизида Коррупцияга қарши курашиш комплаенс назоратини амалга ошириш бўлими фаолият юритмоқда. Ушбу тузилма коррупцияга қарши кураш бўйича «комплаенс-назорат» (compliance control) тизимини жорий этиш ва уни такомиллаштириш, коррупцион хавф-хатарларни ўз вақтида аниқлаш, уларнинг сабабларини ўрганиш ва бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш каби қатор вазифаларни амалга ошириб келмоқда.
Таҳлика-таҳлилларга (риск-анализ) асосланиб ўрганиш, яъни масофадан мониторинг қилиш жараёнида шубҳали ҳолатлар таҳлил қилиниб, натижаларига кўра мутахассисларни объектларга йўналтириш йўлга қўйилган.
Қайд этилишича, вазирлик фаолиятида асосий эътибор молиявий хато ва камчиликларнинг олдини олиш бўйича профилактика чора-тадбирларга қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври давомида жами 368,6 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликларнинг олди олиниши ва бартараф этилишига эришилган.
Шунга қарамасдан, йил бошидан ҳозирги кунга қадар вазирлик томонидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида жами 88,0 млрд. сўмлик молиявий хато-камчиликлар аниқланган. Шундан 27,5 млрд. сўми ўғрилик ва камомад саналади.
Мисол учун, шу йил ноябрь ойида Ҳисоб палатаси биргаликда ўтказилган тадбирлар натижаси кўрсатишича, Андижон шаҳрида 11,5 млрд. сўм, Боёвут туманида 11,0 млрд. сўм ҳамда Гулистон шаҳрида 4,0 млрд. сўм миқдорида бюджет маблағлари ўзлаштириб юборилган.
Таркибида жиноят аломатлари бўлган 159 та 72,9 млрд. сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чоралар кўриш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилди.
Тадбирда вазирликнинг Назорат-ҳуқуқий хизмати томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳам батафсил маълумот берилди.
Хусусан, ҳозирга қадар соҳада аниқланган йўл қўйилган хато ва камчиликлари юзасидан 243 нафар раҳбар ходимлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган, 3 минг 415 нафарига нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилган, 151 та ҳолат бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқ-тартибот идораларига юборилган.
Ўтган давр давомида вазирлик томонидан 264 минг 41 нафар ходим ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, 963 нафарининг ҳуқуқи тикланган бўлса, 188 та ҳолатда бошқа давлат органлари томонидан фаолиятга ноқонуний аралашув ва текширувларнинг олди олинган.
Тадбирда вазирлик давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг самарали ишлатилишини таъминлаш, тизимдаги коррупцион хавф-хатарлар, молиявий хато ва камчиликларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан ишларни изчил давом эттирилишини маълум қилди.